Марказий банк раиси Тимур Ишметов 11 сентябрдаги матбуот анжуманида олтин табиий равишда контрциклик функцияга эга бўлгани учун «нефтга ўхшаш жамғариш механизмларини унга татбиқ этиш қийин»лигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, олтиндан олинаётган даромадлар асосан ишлаб чиқарувчи корхона ва давлат бюджетига тушмоқда.
Ишметовга кўра, жамғариш механизмлари одатда нефт каби иқтисодий циклга боғлиқ товарларга татбиқ қилинади. Чунки нефт нархи ўсганда бюджет тушумлари кўпаяди, пасайганда эса қисқаради. Олтин эса аксинча — иқтисодий беқарорлик ва инқироз пайтларида қимматлашади. Шундай шароитда олтин автоматик стабилизатор вазифасини ўтайди. Шу боис, ундан қўшимча даромадларни жамғариш ғоясини амалиётда қўллаш мураккаб ҳисобланади, дейди Ишметов.
Экономист Миркомил Холбоев эса бунга бошқача ёндашув билдирди. Унга кўра, олтиндан олинаётган қўшимча даромадларнинг иқтисодиётга тўлиқ қўйилиши инфляцияни кучайтиради ва Марказий банкнинг инфляцион таргетлаш сиёсатига салбий таъсир қилади. Шу сабабли, бу даромадларни жамғариш орқали инфляция босимини пасайтириш мумкин.
Холбоев таъкидлашича, олтин нархи ўсиши ҳисобига бюджет харажатлари кўпаяётган бир пайтда, кейинчалик нарх пасайиши сиёсий жиҳатдан харажатларни қисқартиришни қийинлаштиради. Шунингдек, жамғариш валютанинг реал курсини узоқ муддатли трендидан оғишдан сақлайди ва рақобатбардошликни таъминлайди.
Эксперт хулосасига кўра, олтин ҳақиқатан ҳам автоматик стабилизатор. Бироқ инфляция ва валюта бозоридаги хавфларни ҳисобга олганда, қўшимча даромадларнинг жамғарилиши мамлакат молиявий барқарорлиги учун мақбул ечим бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк инфляция хавфларини ҳисобга олиб, асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолган эди. Бу қарор инфляция кўрсаткичлари, энергия тарифлари таъсири, ички талаб фаоллиги ва жаҳон бозоридаги нархлар ўсиши билан изоҳланди.