Сурхондарё вилояти прокуратураси бўлим прокурори Денов туманидаги тергов ишини тўхтатиб қўйиш учун 2000 доллар талаб қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, авввал прокурорнинг пластик картасига 5 млн сўм ўтказилган, кейин эса 1300 долларни нақд олган пайтида ДХХ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Прокурорга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди ва қамоққа олинди.
Андижонда эса вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьясининг катта ёрдамчиси 500 доллар талаб қилган. У 200 долларини олган, қолган 3 млн 800 минг сўмни қабул қилган вақтда ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинди. Судья ёрдамчисига ҳам жиноят иши очилди ва эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилди.
Жиззахда адвокат ўз мижози билан тил бириктириб, маҳкумни озодликка чиқариш учун 6000 доллар талаб қилган. ДХХ ва прокуратура органлари ўтказган тезкор тадбирда улар пулни қабул қилиб олган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Учала ҳолатда ҳам пора талаб қилган ва олган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 211-моддалари асосида иш қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.