Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан сўнгги беш йилда ҳаётни узайтиришга қаратилган илмий тадқиқотлар учун ажратилаётган маблағ 8 баробарга оширилди. Бу ҳақда «Новая Европа» фонди Россия илмий фонди (РНФ) сайтидаги маълумотларга таянган ҳолда хабар бермоқда.
Хусусан, агар 2016–2020 йилларда бундай тадқиқотларга 21 млн рубл ажратилган бўлса, 2021–2025 йиллар давомида бу кўрсаткич 172 млн рублга етган. РНФ васийлик кенгашига Путиннинг яқин дўсти Андрей Фурсенко раҳбарлик қилади.
Жорий беш йилликда қаришга оид 43 фундаментал тиббиёт лойиҳаси қўллаб-қувватланган бўлса, олдинги беш йилликда улар сони 7 тани ташкил этган. Бу лойиҳалар қаторида мия ва кўз ўзгаришларининг Алцгеймер касаллиги билан боғлиқлиги, иммунитет механизмининг қаришдаги роли ва келажакдаги ҳолатни башорат қилиш учун биомаркерлар устидаги ишлар ҳам бор.
Айниқса, РНФнинг йирик гранти Россия президентининг катта қизи Мария Воронцова раҳбарлик қилаётган лабораторияга берилди. У инсон орган ва тўқималарининг фаоллигини узоқ сақлаш ва соғлом қаришга оид илмий иш олиб бормоқда. Бу лойиҳа учун 30 млн рублгача маблағ ажратилиши мумкин. Бироқ нашрларнинг маълум қилишича, унинг Ҳирш индекси бошқа ғолибларга нисбатан пастроқ.
Путиннинг ҳаётни узайтириш мавзусига қизиқиши аввал ҳам намоён бўлган. Масалан, у Пекинга сўнгги ташрифи чоғида Си Жинпинг билан узоқ умр, аъзоларни мунтазам алмаштириш имкониятлари ҳақида суҳбатлашган. Шунингдек, Краснодардаги «Сириус» лабораториясида унга «ёшартирувчи қулупнай» намойиш этилган.
2024 йил сентябрида The Times нашри юқори мартабали амалдорнинг ҳаётни узайтириш бўйича тадқиқотларни тезлаштириш ҳақида топшириқ берганини маълум қилган. Кейинроқ Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча институтлардан қаришга қарши технологиялар юзасидан ҳисобот сўраган.
Дастурнинг асосий кураторларидан бири сифатида Курчатов институти президенти Михаил Ковалчук тилга олинган. У Путиннинг яқин дўсти бўлиб, Россиядаги геном ва генетика бўйича давлат дастурларини бошқаради. Унинг ва Воронцованинг мазкур лойиҳалардаги иштироки алоҳида қайд этилган.