«Тошкент шаҳрининг ер билан боғлиқ муаммолари бор» — Шавкат Умурзоқов

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов Тошкент вилоятига кўчириладиган йирик корхоналар ўрнига қандай лойиҳалар амалга оширилишини маълум қилди.

Shavkat umrzoqov

Тошкент шаҳрида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун ҳудуд қолмагани сабаб айрим саноат объектлари Тошкент вилоятига кўчирилади. Бўшаган майдонларда хизмат кўрсатиш ва туризмга доир янги лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Умурзоқовнинг таъкидлашича, пойтахт ва вилоят ҳокимликлари ўртасида фаол ҳамкорлик бошланган. Масалан, Оҳангарон сув омбори атрофидаги тоғ ҳудудида туризм зонаси ташкил этилиб, инфратузилма қурилиши орқали янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Зойир Мирзаевнинг маълумотича, ушбу лойиҳа доирасида 700 иш ўрни, меҳмонхоналар ва туризм инфратузилмаси барпо этилади.

Шунингдек, Паркент ва Бўстонлиқ туманларида ҳам туризм ва хизмат кўрсатишга доир йирик лойиҳалар амалга оширилиши таклиф этилмоқда. Умурзоқовга кўра, ҳозирнинг ўзида 1 млрд доллар қийматидаги 105 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, улар орқали 60 мингга яқин ишчи ўринлари яратилади.

Президент 11 сентябрдаги йиғилишда Тошкент шаҳрини вилоят туманлари билан тезюрар электр поездлари орқали боғлаш топшириғини берди. Бунинг натижасида ҳудудларда уй-жой ва хизматларга талаб ортиши, аҳолининг пойтахтга қатнаб ишлаши учун қулайлик яратилиши кутилмоқда.