Хитойликлар бир ойда Ўзбекистонда 170 та янги компания очди

21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий ширкатлар сони кескин ортди. Хитой сингари давлатлар етакчиликни мустаҳкамламоқда, Афғонистон эса бешликка кириб олди.

Xitoy uzbekistan

2025 йил 1 сентябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 16 минг 946 та хорижий сармоядорлар иштирокидаги компаниялар фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди. Жорий йил август ойида бундай компаниялар сони 337 тага (+2 фоиз) ошган.

Уларнинг 4144 таси қўшма корхона, 12 минг 802 таси эса тўлиқ хорижий сармоя иштирокидаги компаниялардир. Август ойида 50 та янги қўшма корхона ва 287 та янги хорижий компания ташкил этилган. Бу динамика хорижий сармоядорлар Ўзбекистонга қизиқиши кучайиб бораётганини кўрсатади.

Хитой компаниялари мутлақ етакчи ҳисобланади — Ўзбекистонда бир ойда хитойликлар иштирокида 170 та янги ширкат ташкил этилди ва уларнинг умумий сони 4420 тага етди. Уларнинг 681 таси қўшма корхона. Россия 3141 компания билан иккинчи ўринда, шу жумладан, уларнинг 901 таси қўшма корхона. Туркия (2025 компания), Қозоғистон (1151) ва Афғонистон (682) бешликни якунлайди.

Жанубий Корея 628 компания билан олтинчи ўринга тушиб қолди. АҚШ, БАА, Ҳиндистон ва Тожикистон ҳам йирик сармоядорлар қаторида. Хусусан, АҚШ иштирокидаги компаниялар сони 340 тага етди. Фаолият соҳалари бўйича эса савдо (6000 дан ортиқ компания), саноат (3500) ва қурилиш (1282) етакчилик қилмоқда.

Тошкент шаҳри эса компаниялар учун асосий марказ ҳисобланади — бу ерда 10,8 минг хорижий ширкат жойлашган. Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳам юқори кўрсаткичларга эга. IT ва алоқа соҳасидаги 1239 та компания — мамлакатда рақамли иқтисодиётга қизиқиш кучайганини кўрсатмоқда.