Жорий йил 1 сентябр ҳолатига кўра, мамлакатда 100 ёшга кирган фуқаролар сони 99 763 нафарни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 4644 нафарга кўп бўлиб, охирги 55 йилдаги энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилди. Бу ҳақда NHK телеканали хабар берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, юз ёшлилар орасида аёллар устунлик қилади — улар 87 784 нафарни ташкил этиб, умумий соннинг 88 фоизига тенг. Мамлакатнинг энг кекса инсони сифатида 114 ёшли Шигеко Кагава тилга олинди. У Нара областининг Яматокорийама шаҳрида яшайди. Энг кекса эркак эса 111 ёшли Мизуно Кийоси бўлиб, у Сидзуока областининг Ивата шаҳрида истиқомат қилади.
Японияда юз ёшдан ошганлар энг кўп учрайдиган ҳудудлар сифатида Симане, Кочи ва Тоттори областлари қайд этилган. Шу билан бирга, мамлакат аёллари ҳаёт давомийлиги бўйича 40-марта жаҳон рекордини янгилагани маълум қилинди — уларнинг ўртача умри 87,13 йилни ташкил этмоқда. Эркакларда эса бу кўрсаткич 81,09 йил бўлиб, сўнгги йилда ўзгармаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам яқинда тарихий ҳолат қайд этилган эди. Фарғона вилоятида яшовчи 130 ёшли Хувайдо Умарова (Тошматова)нинг 1895 йил 1 январда туғилгани суд орқали тасдиқланди ва у мамлакатдаги энг кекса инсон сифатида қайд этилди.