Яширин навбатларми ёки тизимлашган ётоқхона? — вазирлик баёнот берди

22:36 | 3 дақиқада ўқилади.

Вазирлик талабаларнинг ётоқхона муаммосига муносабат билдирди. Ҳар бир ариза навбатга кўра кўриб чиқилаётгани маълум қилинди.

Yotoqxona

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган ётоқхонага жойлаштиришдаги муаммолар ҳақида расмий баёнот берди. Вазирлик маълумотига кўра, талабаларнинг барча аризалари махсус маъмурий регламент асосида кўриб чиқилмоқда ва бу жараёнда устуворлик ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга бериляпти.

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ётоқхонага жойлашиш тўлиқ онлайн тарзда амалга оширилмоқда. 2025 йил 12 сентябр ҳолатига кўра, 1-босқичга тавсия этилган 63 минг 804 нафар талабадан 40 минг 265 нафари автоматик равишда йўлланма олган, 21 минг 767 нафари эса навбатда турибди. Улардан 15 минг 796 нафари кундузги таълимда, 5 450 нафари эса ОТМ ҳудудида яшовчи ҳисобланади.

Вазирлик аризалар «жараёнда» деб кўрсатилиши кечиктириш эмас, балки бўш ўринлар бўйича автоматик навбат шакллантирилганини билдиришини таъкидлади. Бошқача айтганда, ариза тўғридан тўғри рад этилмайди, балки бўш ўрин пайдо бўлиши кутилмоқда. Ойлик бўлиб тўланадиган ижара тўловларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

Қонунчиликка мувофиқ, талабаларнинг 60 фоизига ижара тўловининг 50 фоизи давлат томонидан қайтарилади. Масалан, Тошкентда бу миқдор 412 минг сўмни, бошқа ҳудудларда 206 минг сўмни ташкил этади. Ҳукуматнинг 2021 йил 605-сонли қарорига биноан, бу чора кўрилган.