Исроил: Эроннинг ядровий дастури бутунлай йўқ қилинмаган

21:21 | 2 дақиқада ўқилади.

Трампнинг «тўлиқ йўқ қилдик», деган баёнотига қарамасдан, Исроил Францияга Эрон ҳали ҳам ядро салоҳиятини сақлаб қолганини маълум қилди.

Iran nuclear

Франциянинг Le Monde нашрининг ёзишича, Исроил расмийлари сўнгги ҳафталарда Франция ҳукуматига АҚШ ва Исроилнинг июн ойидаги ҳаво ҳужумларига қарамасдан, Эроннинг ядровий дастури тўлиқ йўқ қилинмаганини билдирган. Ушбу баёнот АҚШ президенти Доналд Трампнинг аввалги иддаоларига зид келади.

Трамп 26 июн куни АҚШ армияси Эроннинг ядровий имкониятларини бутунлай йўқ қилганини, бу ҳақдаги бошқа хабарлар эса «фейк» эканини айтган эди. Аммо сентябр бошида Исроил махсус хизматлари Францияга тақдим этган маълумотлар Вашингтон баёнотига зид чиқмоқда.

Маълумотларга кўра, Эронда уранни бойитиш учун ишлатиладиган марказий қурилмалар ва кўплаб объектлар ҳақиқатдан ҳам вайрон қилинган. Аммо Эрон ҳукуматининг уран захиралари, асосий лаборатория ускуналари ва мутахассис кадрлари тўлиқ сақлаб қолинган.

Булар Эроннинг ядро қуроли яратиш салоҳияти тўлиқ йўқ қилинмаганини англатади. Le Monde таъкидлашича, бу маълумот Франция учун катта аҳамиятга эга, чунки АҚШ разведкаси Эрон бўйича Европа билан ахборот алмашинувини тўхтатган.