Наманганда поезд ва Gentra тўқнашувида олти киши ҳалок бўлди

16:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида назоратсиз темир йўл кесишмасида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси бир оиланинг ҳаётига зомин бўлгани ҳақида видеолар тарқалди. Vaqt.uz мухбири «Ўзбекистон темир йуллари» АЖ матбуот котиби билан боғланди.

Gentra

13 сентябр куни Чортоқ ва Уйчи бекатлари орасидаги қўриқланмаган темир йўл кесишмасида Gentra автомобили поезд билан тўқнашди. Дастлабки маълумотларга кўра, автомобил ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, яқинлашиб келаётган поезд олдидан ўтиб кетишга уриниб, фожиага сабабчи бўлди.
Ҳодиса назорат ўрнатилмаган темир йўл кесишмасида содир бўлгани маълум қилинмоқда. Қайд этилишича, поезд ҳаракатини тўхтатишга ёки огоҳлантиришга мўлжалланган ҳимоя воситалари бу жойда мавжуд бўлмаган.

Машинада беш нафар аёл ва бир кичик ёшли бола бўлган. Кучли зарба оқибатида автомобилдаги барча йўловчилар ҳалок бўлди.

«Поезд машинистлари шошилинч тормоз бергани билан тўқнашувнинг олдини олиш имкони бўлмади. Воқеа натижасида поездга озгина техник зарар етди» дея хабар берди «Ўзбекистон темир йуллари» АЖ матбуот котиби Алишер Болтабоев.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябр куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтувчи А-373 «Тошкент—Ўш» халқаро автомобил йўлининг 93-километрида содир бўлган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси қурбонлари сони 13 нафарга етди.