Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарларига йўлланган очиқ мурожаатда 300 нафардан зиёд амалдаги ва собиқ дипломатлар Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини қатъий қоралаб, унга қарши жиддий сиёсий чоралар кўришни талаб қилдилар. Улар ЕИ–Исроил ҳамкорлик шартномасини тўхтатиш ва Исроил ҳукуматининг айрим аъзоларига шахсий санкциялар жорий этишни таклиф қилди.
Мурожаатда Европа Иттифоқи раҳбариятидан Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш учун босимни кучайтириш, аҳолига гуманитар ёрдам етказишни осонлаштириш ва бир томонлама ҳаракатлардан воз кечиш талаб қилинган. Улар БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақиришга чақирмоқда.
Дипломатлар 13 та Европа мамлакатига мурожаат қилиб, Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишни сўраган. Уларнинг таъкидлашича, жаҳоннинг 147 давлати аллақачон Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиб бўлган, ЕИ мамлакатлари эса бу борада сустлик қилмоқда.
Шунингдек, АҚШ ҳукуматига ҳам мурожаат қилинган. Дипломатлар Вашингтондан Фаластин ва БМТ вакилларининг халқаро ташкилотлар фаолиятида тўлиқ иштирок этишига бўлган тўсиқларни бекор қилишни талаб қилмоқда.