Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш» мавзусидаги конференцияда маълум қилишича, болаларнинг 1475 нафари ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 956 нафари унча оғир бўлмаган, 284 нафари оғир, 157 нафари эса ўта оғир жиноятлардан жабрланган..
«Сукут сақлаш маданияти зўравонликка қарши қатъий курашишда энг катта тўсиқлардан бири ҳисобланади», деди Оллоёров.
Агентлик ишонч телефонига келган мурожаатлар сони ўтган йилга нисбатан уч баробар ошган. Жорий йилда келиб тушган 340 та мурожаатнинг 159 таси қонун талабларига кўра ўрганилган, қолганларига психологик ва юридик хизматлар кўрсатилган.
Оллоёров болалар хавфсизлиги қонунчилик асосида мустаҳкамланаётганини қайд этди. Жумладан, интернет орқали жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилади, педагоглар болаларни ҳимоя қилиш мажбуриятларини бажармаса, жавобгарликка тортилади. Шунингдек, вояга етмаганларни сўроқ қилиш қоидалари янгича белгиланиб, улар иштирокида сайёр суд мажлислари бекор қилинади.
Унинг таъкидлашича, қонун фақат бошланиш нуқтаси бўлиб, унинг қиймати амалий ишлар ва жамиятнинг жабрланувчиларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билан белгиланади. У ижтимоий ҳимоя ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва фуқаролик жамияти вакилларини кучларни бирлаштириб, болалар манфаатларини ҳимоя қилишга чақирди.
Аввалроқ уч йил аввал қизини айиқ қафасига ташлаб юборган аёл ўша фарзандини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берган эдик.