Боғча мудиралари мактаб директори ўринбосари билан бир хил маош олади

16:10 | 4 дақиқада ўқилади.

«Ислоҳотларнинг дастлабки босқичидаёқ мактабгача таълим соҳасига устувор аҳамият қаратилди ва натижада тарихий ўзгаришларга эришилди» деди Шавкат Мирзиёев «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан ўтказилаётган учрашувда.

BogchaФото:Kun.uz

2017 йилда 4 мингдан зиёд маҳаллада бирорта ҳам боғча йўқ эди, қамров эса 27 фоиздан ошмасди. Бугунги кунда эса боғчалар сони 38 мингдан ошиб, болаларни қамров даражаси 78 фоизга етди.

Яқинда эълон қилинган янги имкониятлар туфайли бирорта ҳам маҳалла боғчасиз қолмаслиги, умумий қамров 80 фоиздан кам бўлмаслиги қайд этилди.

Шу билан бирга, боғча тарбиячилари маоши мактаб ўқитувчилари даражасига тенглаштирилди. Шу ойдан бошлаб боғча мудиралари мактаб директори ўринбосари билан бир хил маош олади. Бу ўзгариш натижасида раҳбар ва педагоглар ойлиги қарийб икки баробар ошди.

Эндиликда хусусий боғчаларда ҳам тарбиячилар маошининг бир қисми ҳамда бола харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериладиган янги тизим жорий этилади.

Техникумларда мактаблардагидек касбий сертификатлаш тизими йўлга қўйилади

Президент техникум ўқитувчи ва усталарининг малакасини ошириш ҳамда жамиятдаги нуфузини юксалтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Энди техникумларда мактаблардагидек касбий сертификатлаш тизими йўлга қўйилади. Миллий сертификатга эга бўлган устозлар ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эгалари эса 50 фоизи миқдорида қўшимча устама олади.

Техникум директорлари ва ўринбосарларининг маоши мактабдагилар билан тенглаштирилади. Шунингдек, “Директорлар мактаби”да менежерлик сертификатини қўлга киритган раҳбарларга яна 20 фоиз устама тўланади.

Олийгоҳлардагидек, техникумларда ҳам илмий даража ва унвонларга эга устозлар қўшимча устамалар билан рағбатлантирилади.

Шу билан бирга, ҳар йили 500 нафар муаллим илғор хорижий таълим муассасаларида, яна 500 нафар усталар эса чет элдаги йирик корхоналарда стажировка ўташ имкониятига эга бўлади.