Ўзбекистон Чобаҳор порти орқали Ҳинд океанига чиқмоқчи

20:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Теҳронда ўтган уч томонлама учрашувда Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Эрон ташқи ишлар вазирлари Чобаҳор портидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилди.

Chobahor porti

9 сентябр куни Теҳронда Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Эрон ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда терроризмга қарши ҳамкорликни кучайтириш, савдо алоқаларини ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг Чобаҳор порти орқали Ҳинд океанига чиқишига доир келишувга эришилди.

Чобаҳор Эроннинг Ҳинд океанига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга ягона порти ҳисобланади. У Макрон қирғоғида, Афғонистон ва Марказий Осиё мамлакатларига яқин ҳудудда жойлашган.

Мамлакатлар учун бу порт транзит логистикасида стратегик аҳамиятга эга. Хусусан, Ўзбекистон денгизга чиқиш имкониятидан маҳрум давлат сифатида Чобаҳор орқали янги транспорт йўналишларини очиши мумкин.

Таҳлилчилар фикрича, ушбу йўл Ўзбекистонга Ҳиндистон бозори ва Жанубий Осиё давлатлари билан тўғридан-тўғри савдо қилиш имконини яратади. Шу орқали минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва транзит имкониятларини кучайтириш кутилмоқда.