Пенсия жамғармасининг ижроия директори Муродбек Отажоновнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда пенсия ёши оширилиши режалаштирилмоқда. Унга кўра, эркаклар учун ёш чегараси 60 ёшдан 63 ёшгача, аёллар учун эса 55 ёшдан 58 ёшгача кўтарилиши мумкин. Жараён босқичма-босқич — ҳар ярим йилда оширилади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 32 йилдан буён пенсия ёши оширилмаган. Отажонов бошқа давлатлар аллақачон пенсия ёшини ошириб бўлгани, фақат Ўзбекистон қолганини айтган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бугунги кунда ўртача умр кўриш давомийлиги 75 ёшга етган. Бундан 20 йил олдин пенсионерлар пенсияга чиққандан кейин ўртача 8–9 йил яшаган бўлса, ҳозир бу эркакларда 12,5 йил, аёлларда эса 20 йилгача узайган.
Ваҳоланки, 2019 йилдаёқ Ўзбекистонда ўртача умр кўриш 75,1 ёшга чиққан эди, аммо ўша пайтда пенсия тизимида ёш билан боғлиқ ҳеч қандай ўзгариш қилинмаган.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг айтишича, пенсия ёшини ўзгартиришга ундаётган асосий сабаб умр кўриш давомийлиги ошганлиги эмас, балки Пенсия жамғармасининг ошиб бораётган бюджет тақчиллиги бўлмоқда. Хусусан, сўнгги 10 йилликда жамғарманинг даромадлари 3,4 баробар ошган бўлса-да, унинг харажатлари 5 баробарга ортган.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2020–2023-йилларда даромадлар 29 фоизга, харажатлар эса икки баробар юқорироқ, яъни 68 фоизга кўпайган. 2024 йилда даромадлар 63 трлн сўм бўлган, харажат эса кўпроқ — 64 трлн сўмни ташкил қилган. Шу йилнинг дастлабки ярим йиллигида эса ҳозирча тақчиллик кузатилмаган.
Умумий 5 йилликдаги даромад ва харажатлар қуйидагича бўлган:
Йил |
Даромад
(млрд сўм) |
Харажат
(млрд сўм) |
Давлат трансфертлари (млрд сўм) |
Тақчиллик (млрд сўм) |
2020 |
29 709,3 | 31 807,8 | 9 117 | 2 098,5 |
2021 |
37 313 | 36 605 | 10 744,2 |
— 708 |
2022 |
44 272,1 | 44 927,6 | 11 092 |
655,5 |
2023 |
53 603,1 | 53 589,4 | 13 797,5 |
-13,7 |
2024 |
63 415,6 | 64 041 | 16 270,6 |
625,4 |
2025 (6 ой) |
37 717,2 |
36 115 |
10 300 |
-1,602,2 |
Жадвал «Пенсия жамғармаси»нинг очиқ маълумотларига кўра тайёрланди.
Маълумот учун, 2020 йилдан буён пенсия тўловларини молиялаштириш учун давлат бюджетига доимий маблағ ажратиб келинмоқда. Масалан, 2024-йилда 16 трлн сўм, 2025 йилнинг ярим йиллигида эса 10 трлн сўм пул берилди.
«Пенсия ислоҳотининг ёш оширишдан бўлак маъно-мундарижаси тўлиқ очилаётгани йўқ. Бу якунда ўзбекистонликларга нима беради? Бўлажак пенсионерларга натижалар кафолатланадими? Билмаймиз», — деб ёзмоқда иқтисодчи О.Бакиров.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Пенсия ислоҳоти «Ўзбекистон – 2030» стратегиясига ҳам киритилмаган. Ваҳоланки, 2023 йилга келиб Пенсия жамғармасининг муаммолари аниқ намоён бўла бошлади, шунингдек бюджет тақчиллиги юзага чиқди.
Энг қизиғи, хусусий жамғариб бориладиган пенсия тизимини яратиш вазифаси «Ўзбекистон–2030» лойиҳасига киритилган бўлса-да, кейин тасдиқланган ҳужжатга қўшилмай, бутунлай олиб ташланган. Орадан 2 йилдан ортиқ вақт ўтиб, яна хусусий пенсия жамғармалари ташкил этилиши мумкинлиги ҳақида сўз очилмоқда.
Бунга нисбатан Отабек Бакиров шундай муносабат билдирди:
«Бу кетишда ўзбекистонликлар таълим ва тиббиётда ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилишга тўғри келаётгани сингари, қариганда пенсия таъминоти ҳақида ҳам ўзлари (иложи борича ҳозирдан) қайғуришни бошлашларига тўғри келади».
Ўзбекистонда пенсия миқдори қанча?
Тури | Миқдори |
Иш стажи тўлиқ бўлмаган ҳолдаги ногиронлик пенсияси
(энг кам) |
1 млн 12 минг сўм |
Меҳнатга лаёқатсиз ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар учун нафақа | 1 млн 12 минг сўм |
1941–1945 йиллар уруши ногиронлари ва иштирокчилари, конслагерь маҳбуслари, Ленинград қамалида ишлаган шахслар пенсияси (устама билан) | 4 млн 462 минг сўм |
Иш стажига эга бўлмаган кекса фуқаролар учун пенсия | 820 минг сўм |
Иш стажи тўлиқ бўлмаган ҳолдаги ёшга доир пенсия (қўшимча тўлов билан) | 820 минг сўм |
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси
(бир нафар оила аъзоси учун) |
820 минг сўм |
Марказий Осиё давлатларида пенсия ёши
Пенсия жамғармасининг маълум қилишича, Марказий Осиё давлатларида пенсияга чиқиш ёши аёлларда 55 ёшдан 61 ёшгача, эркакларда эса 60 ёшдан 63 ёшгача бўлган ёшни ташкил қилмоқда.
Қозоғистонда пенсия ёши эркаклар учун 63 ёш, аёллар учун эса ҳозирда 61 ёш этиб белгиланган. Шу билан бирга, аёллар учун пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш тартиби жорий қилинган бўлиб, 2031 йилга келиб бу кўрсаткич 63 ёшга тенглаштирилади.
Қирғизистонда эркаклар 63 ёшда, аёллар эса 58 ёшда пенсияга чиқади. Юқори тоғли ҳудудларда 20 йил яшаб ва ишлаган фуқаролар пенсияга саккиз йил олдин чиқиш ҳуқуқига эга. Олд қишлоқ ҳудудларида меҳнат қилганлар эса уч йил олдинроқ пенсияга чиқиши мумкин. Шунингдек, уч нафар фарзанд туғган, умумий иш стажи 20 йил бўлган ва уларнинг 15 йилини юқори тоғли ҳудудларда ишлаган аёллар 45 ёшдаёқ пенсияга чиқишлари мумкин.
Тожикистонда эркаклар 63 ёшдан, аёллар эса 58 ёшдан пенсияга чиқади. Шунга қарамай, мамлакатда ўртача пенсия 2024 йил бошига келиб 371 сомоний (35 доллар)ни ташкил этган ва бу минтақада энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Мамлакатда 816 минг пенсионер бор, улар аҳолининг 8 фоизини ташкил этади. Ойига 35 доллар пенсияда яшаш қийин, кўпчилик қариялар фарзандлари ёрдамига муҳтож. 2005 йилда хусусий пенсия жамғармалари тузиш ҳақида қонун қабул қилинган, аммо паст иш ҳақи ва ишончсизлик туфайли ҳануз амалга ошмаган.
Туркманистонда эркаклар 62 ёшдан, аёллар эса 57 ёшдан пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, уч ва ундан ортиқ фарзандли аёллар ёки болалигидан ногирон фарзанди бор аёллар ҳам ёшга доир пенсия олишлари мумкин. Оғир ва зарарли меҳнат шароитида ишлаганларга профессионал пенсия тайинланади. Бундай ҳолда пенсия ёши 6 йилдан 10 йилгача камайиши мумкин. Бу турдаги пенсия профессионал пенсия тизимига тўланадиган махсус бадаллар ҳисобидан молиялаштирилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб, Туркманистонда пенсиянинг энг кам миқдорини аниқлаш учун базавий кўрсаткич 550 манат (156,7 доллар) этиб белгиланди. Давлат нафақаларини ҳисоблаш учун эса 520 манат (148,15 доллар) миқдор белгиланди.
Солиштириш учун айни пайтда Ўзбекистонда пенсия ёши эркаклар учун 60 ёш, аёллар учун 55 ёш деб белгиланган. Бу босқичма босқич оширилиши режалаштирилмоқда.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.