Ўзбекистонда ҳафта давомида ҳарорат +20 даражагача пасаяди

15:50 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон бўйлаб ҳаво салқинлашиб, тоғли ҳудудларда кучли ёмғир ва ҳатто қор ёғиши эҳтимоли бор.

Ob havo

Иш ҳафтаси давомида Ўзбекистон ҳудуди Жанубий Қозоғистон устидаги юқори циклон билан боғлиқ бўлган салқин ва нам ҳаво массалари таъсири остида бўлади, деб хабар бермоқда Ўзгидромет. Бу ҳолат сабабли айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин.

Бугун Навоий вилояти шимолида ёмғир ёғиши эҳтимол қилинмоқда. Шунингдек, кечга томон ҳамда 16 сентябр куни кечаси ва эрталаб Тошкент вилоятида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Фарғона водийсида 16 сентябр кечқурундан 19 сентябргача танаффус билан ёмғир ёғиши кутилмоқда. Қолган ҳудудларда ҳаво асосан қуруқ бўлади.

Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ҳафта давомида ёмғир кузатилади. 16 сентябрь куни айрим баланд ҳудудларда кучли ёмғир ёғиши ва юқори тоғларда ёмғир қорга айланиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб, ҳафта ўрталарида кундаги кўрсаткичлар +20…+25 даражани ташкил этади. 19 сентябрдан эса салқин ҳаво массаси чекиниб, ҳарорат +2…+3 даража кўтарилади.

Шамол баъзи жойларда секундига 13–18 метргача кучайиши, айрим ҳудудларда эса чанг-тўзон кўтарилиши мумкин.

Тошкент шаҳрида асосан ёмғирсиз ҳаво кутилмоқда. Фақатгина 15 сентябр кечқурун ҳамда 16 сентябр куни кечаси ва эрталаб қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Кундаги ҳарорат бугун +27…+29 даража, 16–18 сентябрь кунлари эса +20…+25 даражагача пасайиб, 19 сентябрда +25…+27 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.