2025 йил 26 июндан бери Покистонда кузатилаётган ёмғир ва тошқинлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 985 нафарга етди. Улар ичида 504 киши Хайбер-Пахтунхвада, 287 киши Пенжабда, 80 киши Синдда, қолганлари эса Гилгит-Балтистон, Азад Кашмир, Белужистон ва Исломободда қайд этилган.
Фақат Пенжабнинг ўзида август охиридан бери 104 киши ҳалок бўлган, 4,5 млн нафар аҳолига таъсир кўрсатган ва минглаб гектар ерлар сув остида қолган. Ҳиндистон дамбаларида сув қуйилиши натижасида Рави, Ченаб ва Сутлеж дарёларида сув сатҳи кескин кўтарилган эди. Ҳозирда эса у ерларда сув пасайиб, оқим Синд томонга ҳаракатланмоқда.
Синддаги асосий сув иншоотларидан бири — Гудду тўғонида сув сатҳи 635 минг куб фут/сониядан ошган. 15 сентябрга қадар бу кўрсаткич 700 мингга яқинлашиши кутилмоқда. Ҳокимият ой охиригача сув оқимлари орқали тошқинлар Араб денгизи сари йўналишини маълум қилди.
Шу билан бирга, Панжнадда сув сатҳи ҳали ҳам юқори, аммо пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Индус дарёсидан сув оқими 17–18 сентябрда Суккур тўғонига етиб бориши, 24–26 сентябрда эса Котри тўғонида 400–450 минг куб фут/сония кўрсаткичга чиқиши кутилмоқда.
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, сув тошқинлари сабаб Пенжабдаги 51 та подстанция ва 543 та электр тармоқ фидерлари ишдан чиққан. Ҳозиргача уларнинг ярмидан кўпи қайта тикланган.
Мутахассислар бу офатни 2022 йилги ҳалокатли тошқинлар билан қиёслашмоқда. Ўшанда мамлакатнинг учдан бир қисми сув остида қолган, 1,7 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган ва иқтисодий зарар 30 млрд доллардан ошиб кетган эди. Покистон дунё бўйича газ чиқиндиларининг 1 фоизигагина масъул бўлса-да, иқлим ўзгаришидан энг кўп жабр кўраётган мамлакатлар қаторида турибди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев муссон ёмғирлари ва кўчкиларда ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, Покистон президенти Асиф Али Зардари ва бош вазир Шаҳбоз Шариф номига таъзия йўллаган эди.