The New York Times нашри Украина ҳаво кучларига таяниб ёзишича, Россия бу йилда 34 мингдан зиёд дрон — ҳақиқий зарбдор ва ёлғон нишон сифатида фойдаланиладиган қурилмаларни Украинага учирган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан қарийб 9 баробар юқори.
Украина томони бу дронларнинг 88 фоизини йўқ қилганини ёки радиоэлектрон кураш воситалари орқали нейтраллаштирганини маълум қилди. 2024 йилда бу кўрсаткич 93 фоизни ташкил этган. Энг кўп дрон учирилган ҳафта — июл ойининг иккинчи ҳафтаси бўлиб, ўша вақтда 2000дан зиёд дрон Украина ҳудудига йўлланган.
Россия энг йирик дрон ҳужумини 7 сентябрга ўтар кечаси амалга оширган. Украина расмийларига кўра, ўша тун 810 та зарба берувчи ва сохта дрон жўнатилган. Уларнинг 92 фоизи йўқ қилинганига қарамай, 63 таси Украина ҳимоя тизимига чап бериб, нишонга урилган.
Украиналик ҳарбий таҳлилчи Микола Белесков Россия дронлардан фойдаланиш тактикаси ўзгарганини айтди. Эндиликда дронлар тўда-тўда бўлиб, чалғитувчи траекториялар орқали учирилади. Фанера ва пенопластдан ясалган сохта дронлар ҳақиқий қурилмалардан фарқланмаслиги учун махсус ишлаб чиқилмоқда. Улар кўпинча дарё ва ўрмонлар устидан ўтади, чунки бу ҳудудларда Украина ҳаво ҳимоя тизимлари самарасиз бўлиши мумкин.
Дрон ҳужумлари 2024 йил сентябрида кучайган — айнан ўшанда Россия илк марта бир ойда 1000 дан ортиқ дрон учирган эди. The New York Times бу ҳолатни Россияда дрон ишлаб чиқаришнинг кескин ошиши билан боғламоқда. Путин ҳукуматининг устувор вазифаларидан бири сифатида дрон саноатида давлат ва хусусий салоҳият тўлиқ сафарбар қилинган. Россия ҳозирда йилига 30 мингта Shahed туркумидаги дрон ишлаб чиқариш қобилиятига эга, 2026 йилгача бу кўрсаткич икки баробарга етиши кутиляпти.
The Wall Street Journal таъкидлашича, Россия дрон ҳужумларини кўпинча АҚШ, Украина ва Россия расмийлари ўртасидаги мулоқотлардан сўнг кучайтиради. Масалан, Трамп ва Путин ўртасидаги август учрашуви арафасида икки ҳафтангина танаффус бўлган, кейин эса ҳужумлар яна авж олган.
Вашингтондаги геотаҳлилчи Дэниел Мили буни Россиянинг ахборот урушининг бир қисми, деб ҳисоблайди. Унга кўра, Кремл АҚШ ва унинг иттифоқчиларини иккилантириш учун турлича сигналлар беради.