Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ёшлар замон билан ҳамнафас, келажакка тайёр ва замонавий билимлар билан қуролланган мутахассислар сифатида тарбияланиши лозим. «Келажак – замонавий билимлар билан қуролланган янги касб эгалариники», – деди у.
Маълумотларга кўра, мамлакат иқтисодиётига ҳар йили 30–35 миллиард доллар инвестиция кириб келмоқда, минглаб янги корхоналар ишга тушмоқда. Бу жараёнлар натижасида йилига 250–300 минг юқори даромадли иш ўрни яратилмоқда. Президент бу имкониятлар аввало ёшлар учун иш жойи эканини таъкидлаб, улар замонавий технология ва хорижий тилларни билиши, касбий кўникмаларга эга бўлиши зарурлигини қайд этди.
Шу мақсадда Касбий таълим агентлиги ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси – мамлакатдаги 598 та техникум фаолиятига янги муҳит олиб кириш, таълим жараёнида халқаро стандартларни жорий этишдан иборат.
8 сентябрдаги Президент қарори билан агентликка оид низом тасдиқланди. Унда таълим сифатига масъул миллий агентликнинг мақоми, вазифа ва функциялари, ваколатлари ҳамда фаолият тартиби белгилаб берилган.
Битирувчилар мактаб имтиҳон натижалари билан олийгоҳга кира олади
Президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳаси ходимлари билан мулоқотда мактаб таълимида янги тизим жорий этилишини маълум қилди. Унга кўра, 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари ўтказилади.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, халқ келажаги мактабдан бошланади. Шу боис, битирувчиларнинг якуний имтиҳон натижалари уларнинг кейинги йўналишини белгилайди: 9-синфдан кейин 400 мингга яқин ўқувчи техникумларга йўналтирилади, олийгоҳга кириш истагидаги ёшлар эса танланган фанларни чуқурлаштириб ўқиши мумкин.
Янги тизим орқали ўқувчилар мактаб битирув имтиҳони, олийгоҳга кириш ва фанлар бўйича сертификат имтиҳонларини алоҳида топширмайди. Барча жараён ягона давлат имтиҳонига бирлаштирилади. Бу ортиқча мураккабликларни камайтиради.
Шунингдек, хорижий тил ва фанлар бўйича олинган халқаро сертификатлар мактаб якуний имтиҳонларида ҳам тан олинади. Агар 2016 йилгача бор-йўғи 2 минг ўқувчи халқаро сертификат олган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 150 мингга етди.
Президент қарорига мувофиқ, мактабларда маслахатчи лавозими жорий этилмоқда. Улар 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг қобилиятини баҳолайди ва йўналиш танлашга кўмаклашади. Шу орқали техникумга ўтган ўқувчиларнинг мактабга қайтиши ёки 11-синфдан кейин олийгоҳга киролмаган ёшларни қисқа муддатли дастурлар орқали касбга йўналтириш имкони яратилади.