Хитойлик олимлар гуруҳи организмнинг қариш жараёнларини секинлаштириш хусусиятига эга бўлган тажрибавий укол (инъекция)ни муваффақиятли синовдан ўтказишди. Тадқиқот натижалари Cell илмий журналида эълон қилинди.
Яратилган препарат иммунитет тизимини фаоллаштиради ва уни сенессент ҳужайраларни йўқ қилишга йўналтиради. Сенессент ҳужайралар деб бўлиниш қобилиятини йўқотган, аммо тўқималарда сақланиб қоладиган ёки тўпланиб, уларнинг фаолиятини издан чиқарадиган кексайган ҳужайраларга айтилади. Қариш белгиларига чидамли бўлган генетик ўзгартирилган ўзак ҳужайраларни киритиш сезиларли даражада ёшартирувчи натижага эришиш имконини берди.
Тадқиқот муаллифларининг маълумотларига кўра, 12 ҳафталик синовлар давомида мия фаолияти, хотира, мушак тўқималари, кўпайиш тизими ва бир қатор ички аъзолар ҳолатининг яхшиланиши кузатилган. Бундан ташқари, ташқи қаршилик таъсири ҳам қайд этилди: синовдан ўтувчиларнинг тери ва сочларида тикланиш аломатлари намоён бўлди. Олимлар бу таъсирни тахминан етти йилга «ёшариш»га тенг деб баҳоламоқдалар.
Тадқиқотчилар ишнинг ҳали бошланғич босқичда эканлигини таъкидлаб, ёндашувнинг самарадорлиги ва хавфсизлигини тасдиқлаш учун кенг кўламли клиник синовлар ўтказиш зарурлигини айтмоқдалар.
Аввалроқ, ХХР раиси Си Жинпинг ва Россия президенти Владимир Путин Пекинда Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парад бошланишидан олдин замонавий технологиялар ёрдамида умр давомийлигини ошириш имкониятларини муҳокама қилишгани ҳақида хабар берган эдик.
Bloomberg ёзганидек, уларнинг суҳбатидан айрим парчалар расмий трансляцияга тушиб қолган. Суҳбат давомида Си Жинпинг инсон умри давомийлиги ҳақида фикр билдириб, илгари одамлар 70 ёшга етмасдан вафот этганини, бугун эса 70 ёшда ҳам одам ўзини боладек ҳис қилиши мумкинлигини таъкидлаганди. Путин эса биотехнологиялар тараққиёти натижасида инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш орқали умрни узайтириш, ҳатто «умрбоқийликка» эришиш мумкинлигини айтганди. Си Жинпинг эса жавобан бу асрда инсонлар 150 ёшгача яшаши мумкинлиги ҳақидаги башоратларни тилга олган ўшанда.
Айтиш керакки, Путин ҳам, Си ҳам 72 ёшда. Путиннинг бешинчи президентлик муддати 2030 йилда, Сининг учинчи ваколат муддати эса 2028 йилда якунланиши кутилмоқда.