15 сентябр куни Украина қуролли кучлари дронлар бўйича қўмондони Роберт Бровди («Мадьяр» чақириғи билан танилган) Starlink алоқа хизмати фронт чизиғи бўйлаб ишдан чиққанини маълум қилди. У бу ҳақда ўзининг Telegram-канали орқали хабар берди, аммо қўшимча тафсилотларни келтирмади.
Starlink — SpaceX компаниясига тегишли сунъий йўлдош интернет хизмати бўлиб, у Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда асосий алоқа воситаларидан бири сифатида қўлланилиб келинаётган эди. Хизматнинг тўхташи дронларни бошқариш ва қўмондонлик алоқаларида жиддий қийинчилик туғдириши мумкин.
Бу ҳолат билан бир вақтда, Downdetector хизмати АҚШда 40 мингдан ортиқ фойдаланувчи Starlink ишида узилишлар ҳақида шикоят қилганини қайд этди. Шунингдек, Италия, Польша ва бир қатор бошқа мамлакатларда ҳам хизматда узилишлар кузатилган.
Айрим хабарларга кўра, Донбасдаги жангларда «Восток» гуруҳи икки дона Starlink станцияси ва тўққизта дрон пунктини йўқ қилган. Аммо бу ҳолат Украина фронтидаги кенг кўламли узилиш билан боғлиқ ёки йўқлиги ҳали очиқланмаган.
SpaceX ҳозирча глобал узилиш ва Украинадаги тўхташ сабаблари юзасидан расмий баёнот бермади.