Янги хизмат орқали энг яқин ёнилғи шохобчасини топиш, нархларни таққослаш ҳамда смартфон орқали контактисиз тўловни амалга ошириш мумкин.
Ҳозирча сервис Тошкент шаҳри ва вилояти, Самарқанд ҳамда Қашқадарёда ишламоқда. Кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилиши кутилмоқда. Илова орқали фақат бензин турига кўра шохобчаларни саралаш, аниқ колонкани танлаш ва тўлов усулини белгилаш имконияти бор.
Шу билан бирга, Yandex экотизимидаги бошқа хизматлар билан интеграция ҳам таъминланмоқда. Масалан, Yandex Plus абонентлари ёнилғи қуйишда 8 фоизгача кэшбек олишлари мумкин. Yandex Taxi ҳайдовчилари эса иловада тўлов қилганда 5 фоиз чегирмадан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Yandex’нинг «Заправкалар» хизмати мамлакатда рақамли ечимларнинг янада оммалашишига туртки бериши мумкин. Бу эса Ўзбекистонда рақамлаштириш орқали такомиллаштириш мумкин бўлган соҳалар ҳали кўп эканини кўрсатади.
Аввалроқ Yandex Uzbekistan ўзбек фойдаланувчилари учун сунъий интеллектга асосланган янги қидирув тизимини ишга туширган эди.