Авторақамлар сотуви: ҳарфли комбинациялар, рекорд нархлар ва янги тўлов тартиби

18:00 | 14 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2026 йилдан авторақамлар аукциони бекор қилинади. Ягона онлайн база орқали рақам танлаш имкони яратилади. Vaqt.uz ҳарфли авторақамлар, оширилган тўлов ставкалари, рекорд сотувлар ва жамоатчилик фикрини таҳлил қилди.

Avtoraqamlar

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда автомашиналар учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга давлат рақамлари аукцион орқали тақдим этиш амалиёти бекор қилинади.

Аввал бу жараён Ўзбекистон товар-хомашё биржасининг электрон платформасида ўтказилар эди. У давлат бюджетига қўшимча даромад келтирган бўлса-да, унда муаммолар ҳам борлиги айтилади. Қарорда маълум қилинишича, аукцион жараёни фуқаролар учун мураккаб ва кўп вақт талаб қиларди. Шунингдек, айрим тоифадаги рақамларнинг бошланғич нархи баландлиги сабаб кўпчилик учун харид қилиш имконияти чекланган.

Шу сабабли ҳукумат «давлат рақамларини олишда тенг имконият яратиш, ортиқча оворагарчилик ва харажатларни камайтириш ҳамда хизматларни рақамлаштириб шаффоф қилиш учун» янги тартибни жорий этди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб аукцион тартиби бекор қилинади ва унинг ўрнига янги тизим жорий этилади. Энди жисмоний ва юридик шахслар онлайн режимда, доимий янгиланиб турадиган ягона очиқ маълумотлар базасидан фойдаланиб, бўш турган исталган ҳарф ва рақам комбинациясига эга давлат рақамини бевосита танлаб олиш имкониятига эга бўлади.

Мазкур базадан қуйидаги платформалар орқали фойдаланиш мумкин бўлади:

  • ИИВ рўйхатдан ўтказиш бўлинмаларида ўрнатилган инфокиосклар;
  • Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси;
  • ЙҲХХнинг расмий веб-сайти;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали.

Танланган давлат рақами ягона белгиланган тўлов асосида берилади. Тўлов миқдори 2025 йил 1 октябрдан бошлаб «Ўзавтомотобелги» давлат унитар корхонаси томонидан белгиланади.

2026 йил 1 январдан бошлаб ягона очиқ маълумотлар базасида ҳудудлар кесимида барча тоифадаги давлат рақами белгилари (аввал берилган ёки фойдаланилаётганлари бундан мустасно) жойлаштирилади. 

Агар маълум ҳудуднинг амалдагӣ код рақами бўйича «чиройли» ҳарф ва рақам комбинацияларининг 90 фоизи банд бўлса, шундан кейингина кейинги код рақамига (масалан, Тошкент учун 02, Тошкент вилояти учун 11 ва бошқалар) ўтилади.

 

Нима ўзгаради?

Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси 2025 йил 1 октябрдан бошлаб «чиройли» давлат рақами белгилари аукцион савдоларини тўхтатади. Аукционга қўйилиб, сотилмаган, шунингдек ишлаб чиқарилиб, харидор топмаган ҳарф ва рақам комбинациясига эга давлат рақами белгилари бериш тартиби қуйидагича белгиланди:

1−3 тоифадаги давлат рақами белгилари «Ўзавтомотобелги» давлат унитар корхонаси белгилаган ягона оширилган тўлов эвазига берилади:

Рақам комбинациялари Исталган ҳарф комбинациялари учун тўлов ставкалари

  Тошкент шаҳрида 

Қорақалпоғистон ва вилоятларда 

1 001, 007, 100, 111, 222, 555, 700, 777, 888

370 млн 800 минг сўм

206 млн сўм

2 002, 005, 010, 020, 050, 070, 077, 080, 101, 200, 202, 300, 333, 444, 500, 505, 707, 800, 808, 999

247 млн 200 минг сўм

123 млн 600 минг сўм

3 003, 004, 008, 009, 011, 022, 030, 033, 040, 044, 055, 088, 090, 110, 220, 303, 400, 404, 550, 600, 701, 717, 757, 770, 900, 909

123 млн 600 минг сўм

82 млн 400 минг сўм

4−6 тоифадаги рақам белгилари эса харидоргир комбинацияга эга бўлмаган рақамлар учун амалдаги тартиб асосида тақдим этилади.

 

Автомобиллар учун «исмли» рақамлар

Уникал давлат рақами белгилари 6 тагача ҳарф ёки рақам комбинациясидан тузилиши мумкин. Улар амалдагӣ давлат рақамларини такрорламаслиги ҳамда қонунчиликка ёки ахлоқ нормаларига зид маъноларни ўз ичига олмаслиги шарт.

Содда қилиб тушунтирганда, бундай рақамларда шахснинг исми, оила аъзоси исми ёки шаҳар номи акс эттирилиши мумкин. Масалан, «SARVAR», «AZIZA», «ODIL» ёки «BUXORO» каби ёзувли машиналарни йўлларда кўришимиз мумкин.

2025 йил охиригача Ички ишлар вазирлигига рўйхатдан ўтказиш бўлинмаларида I, IE, III, IIIE турдаги давлат рақами белгилари ишлаб чиқаришни ташкил этиш вазифаси юклатилди. Жумладан, улар учун зарур ускуна ва жиҳозлар ўрнатилиши, хомашё билан таъминланиши ва ишга туширилиши талаб этилади.

Шунингдек, ИИВ 2026 йил 1 январдан ҳукуматнинг айрим қарорларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритади.

 

Жамоатчилик нима дейди?

«Исмли» авторақамга оид қарор жамиятда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Жамоатчилик фаоллари, блогерлар ва фуқаролар турли фикрлар билдиришди. Хусусан, иқтисодчи Отабек Бакиров Ўзбекистонда пул топиб, ақл топмаган кўплигини айтиб шундай деди:

«Исм рақамлардан тушган миллиардлаб пулларни манзилли ишлатиш, ижтимоий соҳаларга ва ижтимоий қатламларга йўналтириш керак. Масалан, тротуарлар учун, пиёдалар ўтиш йўлакларида светофорлар ўрнатиш учун, имконияти чекланганлар ҳаракатланишига ёрдам берадиган инфратузилма яратиш учун. Шунда адолат таъминланади. Халқдан турли йўллар билан кўчган маблағлар яна халқ хизматига қайтади», — деди у.

Troll.uz асосчиси Умид Ғофуров эса бундай «исмли» авторақамлар олиш «исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас» деб муносабат билдирди.

«Лолазор» подкастида масалага бошқача ёндашилди. Яъни унда фаоллар алифбо муаммоси исмли авторақамлар орқали юзага чиқиб қолганини таъкидлашди. Ҳужжатда 6 тагача ҳарф комбинациясига рухсат берилиши белгиланган бўлса-да, амалда «XUSHNUD» (6 ҳарф, 7 белги) ёки «SHAMSHOD» (6 ҳарф, 8 белги) каби исмларда ҳарфлар сони талабга мос келса ҳам, белгилар сони ортиқча чиқади. Шунингдек, «Oʻ» ва «Gʻ» ҳарфлари қўлланилиши масаласи ҳам ноаниқлигича қолмоқда. Шу тариқа, фаоллар алифбо ислоҳоти авторақамлар сабаб ўзининг мантиқий якунига етиши мумкинлигини муҳокама қилишди.

Аҳоли орасида ҳам бу борада фикрлар турлича. Кимдир бу янгиликни ижобий баҳоласа, айримлар «соққа қилиш» йўли дейишмоқда.

 

Рекорд даражада сотилган авторақамлар

Ўзбекистон товар-хомашё биржаси орқали ярим йил ичида 80 мингдан ортиқ «чиройли» рақамлар онлайн кимошди савдоси орқали сотилди. Жами тушум 378,7 млрд сўмни ташкил этди. Харидорларнинг 96 фоизи жисмоний шахслар, қолгани эса юридик шахслар бўлган.

2025 йилда сотилган энг арзон рақам 1 млн 700 минг атрофида бўлса, энг қиммати 1,56 млрд сўм атрофида таклиф қилинган.

 

Энг қиммат авторақамлар сотуви хронологияси:

Avtoraqam 01
Манба: Республика товар-хом ашё биржаси

2023 йил 11 октябрда 01 777 RRR автомобил рақами кимошди савдосида 893,97 млн сўмга (Марказий банкнинг ўша пайтдаги курси бўйича 73,27 минг доллар) сотилган. Ким ошди савдоси бошлангандан сўнг лот нархи бошланғич 297 млн сўмдан 3 баробарга ошган. Бу рақам 2023 йилда Ўзбекистондаги юридик шахслар учун энг қиммат «чиройли» давлат рақами бўлган эди.

Avtoraqam 02
Манба: Республика товар-хом ашё биржаси

2024 йил 24 декабрда эса 01 888 BBB автомобил рақами 965,25 млн сўмга (Марказий банк курси бўйича 74,8 минг доллар) сотилган. Унинг бошланғич баҳоси 337,5 млн сўмдан деярли 3 баробаргача кўтарилган. Бу ҳам ўша йил учун энг қиммат авторақам сифатида эътироф этилган.

Avtoraqam 03
Манба: Ижтимоий тармоқлар

2025 йилга келиб яна вазият ўзгарди. Энди миллионга эмас, балки миллиард сўмга сотиб олувчилар «ўйин»га чиқди. Шу йили 13 июнда харидор 10 777 ZZZ давлат рақами учун 1,56 млрд сўм (Марказий банк курси бўйича 122,2 минг доллар) таклиф қилди. Унинг бошланғич баҳоси 187,5 млн сўмдан бошланиб, қарийб 8,3 баробарга қимматлашган. Савдо 8 кун давом этган.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.