Эрдўғон Ислом дунёсини Исроилга қарши санкциялар қўллашга чақирди

13:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Туркия президенти Исроил сиёсатини кескин қоралаб, унга қарши қўшма санкциялар жорий этиш зарурлигини билдирди.

Erdog'an

Қатарда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси қўшма саммитида сўзга чиққан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроилнинг минтақадаги ҳаракатлари барқарорликка хавф солаётганини таъкидлади. Унга кўра, айрим давлатларнинг Фаластинни тан олиш ташаббуси ижобий қадам бўлса-да, у санкциялар билан мустаҳкамланмаса, самарасиз бўлиб қолади.

Эрдўғоннинг сўзларига кўра, Ислом дунёси Исроилга қарши чораларни кучайтириши, дипломатик ҳаракатларни жадаллаштириши ва халқаро ҳуқуқ механизмлари орқали уни суд олдида жавобгарликка тортиши зарур.

«Исроил фақат кучли реакция ва санкциялар орқали тўхтатилиши мумкин, акс ҳолда босқинчилик ва беқарорлик сиёсатини янада тезлаштиради», — деди у.

Туркия раҳбари шунингдек, иқтисодий босим ўтказиш зарурлигини қайд этди. Унга кўра, айрим соҳаларда ўз-ўзини таъминлаш, айниқса мудофаа саноатида, устувор вазифа бўлиши керак.

«Туркия сизлар билан тажрибамиз ва имкониятларимизни бўлишишга тайёр. Биз бир ярим йил олдин Исроил билан барча савдо алоқаларини тўхтатдик ва йиллик 9,5 млрд доллардан воз кечдик», — деди Эрдўғон.