«Heemera» Google’нинг AI First дастурига қўшилди

17:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистоннинг «Heemera» компанияси биринчи марта мамлакат тарихида Google Accelerator: AI First дастури иштирокчисига айланди.

Gemini

Компания Миллий истиқболли лойиҳалар агентлиги қошидаги «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимида фаолият юритиб, Google акселераторига қабул қилинган биринчи ўзбек стартапи сифатида тарихга кирди. Бу компания учун техник ва бизнес йўналишлардаги Google мутахассислари тажрибасидан бевосита фойдаланиш имкониятини яратади. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди.

Дастур доирасида «Heemera» персонал йўл-йўриқ, махсус тренинглар, менторлик ёрдами ва ривожланиш стратегияси бўйича маслаҳатларга эга бўлади. Компания Google жамоаси билан ҳамкорликда блокчейн-аналитика, криптовалюта тергови ва криптоактивларни қайтаришга оид сунъий интеллект ечимларини такомиллаштиришни мақсад қилган.

Шу билан бирга, акселераторда иштирок этиш бизнесни халқаро миқёсда кенгайтириш учун янги имкониятлар очиши кутилмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, «Heemera»нинг дастурдаги иштироки Ўзбекистонда криптоактивлар айланмаси ва сунъий интеллект соҳасида инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда муҳим қадамдир. Бу мамлакатнинг минтақадаги замонавий технологиялар маркази сифатидаги нуфузини мустаҳкамлашга ёрдам бериши мумкин.

Маълумот учун, «Heemera» — бу Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги қошидаги «тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими иштирокчиси ҳисобланадиган компания. У крипто-активлар айланмаси соҳасида инновацион ечимларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Компаниянинг асосий йўналишлари орасида блокчейн-таҳлил, криптовалюта транзаксияларини реал вақтда кузатиш, шубҳали операцияларни аниқлаш ва йўқотилган активларни қайтариш бўйича технологиялар алоҳида ўрин тутади. «Heemera» ҳамён манзиллари ва операциялар ўртасидаги боғланишни очиш, визуал схемалар тузиш, кластерлаш, харажатлар ва хулқ-атвор таҳлилини амалга ошириш имкониятига эга.

Шу билан бирга, компаниянинг фаолияти халқаро молия мониторинги стандартлари, хусусан FATF тавсияларига мувофиқ йўлга қўйилган. Бу эса «Heemera»ни Ўзбекистонда криптоактивлар хавфсизлиги ва сунъий интеллект ечимлари бўйича етакчи стартаплардан бири сифатида намоён қилади.