Humoʼнинг бошқарув раиси лавозимида яна ўзгариш юз берди. 12 сентябрдаги акциядор қарори ва 15 сентябрда кузатув кенгаши йиғилишига кўра, компания раҳбари этиб Улуғбек Ҳожитураевич Баҳодиров тайинланди. У жорий йил март ойида хусусийлаштиришдан сўнг шаклланган янги кузатув кенгашига раҳбар этиб сайланган эди.
20 майдан бошлаб вақтинча раҳбарлик қилиб келган Мақсаджон Мансурович Муҳиддинов эса аввалги лавозими — биринчи ўринбосарликка қайтди. Яна бир муҳим ўзгариш сифатида Humo кузатув кенгаши раиси этиб Марказий банкнинг «Ахборотлаштириш бош маркази» директори маслаҳатчиси Дилшод Шухратович Сарихўжаев сайланди.
Улуғбек Баҳодиров 1975 йилда туғилган, 1997 йилда Тошкент молия институтини «Халқаро валюта-кредит муносабатлари» ихтисослиги бўйича тамомлаган. У «Пойтахт банк» кузатув кенгаши аъзоси ва шу билан бирга «Orange Textile Profi» корхонасида молия масалалари бўйича раҳбарлик лавозимида ишлаган.
2018 йилда ташкил этилган Миллий банклараро процессинг маркази орқали бошқарилган Humo тизими қисқа вақт ичида мамлакатдаги асосий тўлов инфратузилмаларидан бирига айланди. У 2019 йил баҳорида ишга туширилиб, 2021 йилдан UzCard билан интеграция жараёнини бошлади.
2023 йилдан бошлаб Humo банкоматлари Uzcard карталарини қабул қила бошлади. Ҳозирда эса тўлов терминалларини интеграция қилиш жараёни оммавий синов босқичига етган.
2024 йил декабрида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Humo тўлов тизими Paynet’га 65 млн долларга (840,3 млрд сўм) сотилган.