Жорий йилнинг олти ойи давомида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат бўйича 34 та ҳолат қайд этилди. Улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси билан жавобгарликка тортилган. 2020–2024 йиллар давомида эса худди шу модда билан жами 397 киши жавобгарликка тортилган. Улардан 363 нафарига жарима, 34 нафарига эса қамоқ жазоси тайинланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.
Қонунга кўра, ҳайвонларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки азоб бериш БҲМнинг 3–5 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади. Агар ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такрорланса, вояга етмаганлар ҳозирлигида содир этилса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, жазо кучайиб, БҲМнинг 5–10 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ белгиланиши мумкин.
Ҳуқуқшунослар ва жамоат ташкилотлари мавжуд жазо чораларининг самарадорлиги юзасидан турли фикр билдирмоқда. Улар ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат кўламини қисқартириш учун қўшимча ҳуқуқий чоралар кўриш зарурлигини таъкидлашмоқда.