Ўзбекистон туризми: 7 йилда қандай ўзгаришлар бўлди?

22:00 | 8 дақиқада ўқилади.

Сўнгги етти йилда Ўзбекистонда xорижий сайёҳлар сони қарийб тўрт баробарга ортди, ички туризмда ҳам кўрсаткичлар икки баробарга яқин кўпайди.

Turizm 03

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) 2017–2024 йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасининг ривожланишини таҳлил қилди. Тадқиқотда туристлар ташрифи, соҳадаги бандлик, туроператорлар фаолияти статистикаси, хизматлар экспорти ҳамда йўналишлар ўзгариши каби кўрсаткичлар ўрганилган.

Маълумотларга кўра, сўнгги етти йилда хорижий сайёҳлар сони қарийб 4 баробарга кўпайган. 2017 йилда маҳаллий сайёҳлар 10,6 млн кишини ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 22 млнга етган. Шу даврда хорижий сайёҳлар сони 2,7 млн нафаридан 10,1 млн нафарагача ошган.

Статистика қўмитаси эса 2025 йилнинг дастлабки 5 ойида 4,2 млн чет эл фуқароси туризм мақсадида ташриф буюрганини маълум қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 48,2 фоизга кўп. Туристларнинг мамлакатлар бўйича тақсимоти қуйидагича:

Turizm 01
Инфографика: Vaqt.uz (Статистика қўмитаси маълумотлари асосида)

Туристик манзиллар

Туроператорлар сони 2017–2021 йилларда деярли 5 баробарга ошиб, 2024 йилда 3 минг 686 тага етди. Шу ўринда, 2022–2024 йилларда «Тошкент Сити», «Самарқанд туризм маркази», «Афсоналар водийси», «Арда Хива» ва «Мираки туризм маркази» каби йирик объектлар ишга туширилди.

Ҳудудлар кесимида Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Наманган вилоятларида 12 та «туристик қишлоқ» фаолият юритмоқда. Улар йилига 4 млн сайёҳга хизмат кўрсатмоқда.

Мўйноқ ва Паркент туманларида эса экстремал туризмни ривожлантириш мақсадида парашютдан сакраш ва аэродайвинг хизматлари ташкил этилган.

 

Соҳада қандай йўналишлар очилди?

Туристик оқим динамикаси таҳлили асосида 40 дан зиёд мамлакат сайёҳлари учун махсус йўналишлар ишлаб чиқилди ва республикада умумий йўналишлар сони 95 тага етди. Бу сайёҳлар учун мамлакатда туризм хизматларининг танловини кўпайтирди.

Turizm 02
Инфографика: CERR

Овқатланиш ва меҳмонхона хизматларида турли қатлам истеъмолчилари учун «Ҳалол», «Кошер» ва «Веган» стандартлари жорий этилди. Ички туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида эса 2022 йилдан «Кэшбэк» дастури ишга туширилди. Бу орқали маҳаллий аҳоли ўз саёҳатларидан сарфлаган маблағининг бир қисмини қайтариб олиш имкониятига эга бўлди.

Хорижий бозорларда рақамли тарғибот кампаниялари катта самара берди. Масалан, 2024 йилда Хитойнинг «Trip.com» платформасида Ўзбекистон туризмини тарғиб қилиш дастури ишга туширилди. Натижада 37,7 минг хитойлик сайёҳ айнан шу платформа орқали келди, йиллик умумий оқим эса 57 минг кишига етди. Бу ўтган йилга нисбатан 1,6 баробар ўсиш демакдир.

Бундан ташқари, ҳудудларда туризмнинг янги йўналишлари жорий этилди. Улар орасида «туризм маҳалласи», «туризм қишлоғи», «қишки туризм» ва «табаррук зиёрат» каби йўналишлар мавжуд бўлиб, улар туризмни диверсификация қилиш ва маҳаллий аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилмоқда.

 

Туризмнинг иқтисодиётга таъсири қандай бўлди?

Туризм қўмитасининг маълумотига кўра, аҳолини иш билан таъминлаш кўрсаткичи 7 йилда 2 баробар ошган. 2017 йилда 187 минг киши ишлаган бўлса, 2024 йилда уларнинг сони 391 мингга етди.

Шунингдек, соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 1,7 фоизга чиқди. Хизматлар экспорти 2023 йилда 3,4 млрд долларни ташкил қилиб, 7 йилда умумий миқдор 10,7 млрд долларга етган.

Бундан ташқари, 93 давлат фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилди. Шу билан бирга, 56 давлат сайёҳлари электрон виза орқали мамлакатга кириш имкониятига эга бўлди. 47 давлат фуқаролари учун эса алоҳида имтиёз белгиланиб, улар Ўзбекистонда транзит тарзида визасиз беш кунгача қолиши мумкин. Шунингдек, яна 76 давлат фуқаролари учун туристик визани расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сўнгги етти йилда Ўзбекистон туризм соҳаси кескин ўсишни бошдан кечирди. Хорижий сайёҳлар сони қарийб 4 баробарга ошиб, ички туризм кўрсаткичлари ҳам икки баробарга яқин ўсди. Янги туризм объектлари, махсус йўналишлар, «Кэшбэк» дастури ва рақамли тарғибот кампаниялари мамлакат туристик имижини сезиларли кучайтирди.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.