Президент Чустдаги 40 млн долларлик газ-бетон блоки ишлаб чиқариш мажмуасини кўздан кечирди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Чуст туманидаги «Мегатон» корхонаси газ-бетон блоки ишлаб чиқариш мажмуаси фаолияти билан танишди.

Mirziyoyev

Президент Шавкат Мирзиёев Чуст туманида барпо этилган 40 миллион долларлик газ-бетон блоки ишлаб чиқарувчи «Мегатон» корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

«Наманган» эркин иқтисодий зонасида жойлашган, «Туронбанк» маблағлари ҳисобидан амалга оширилган мазкур 40 миллион долларлик лойиҳа доирасида Хитой, Германия ва Даниядан олиб келинган инновацион технологиялар ўрнатилган. Шу сабабли маҳсулотнинг сифати ва самарадорлиги юқори бўлиши таъкидланмоқда.

Масалан, Германия технологияси ёрдамида ишлаб чиқарилган газоблок биноларда ташқи изоляцияни талаб этмайди. Бу турдаги қурилиш материаллари иссиқлик ва салқинликни тўрт баробар яхши сақлаб қолади, электр энергияси харажатини эса 45 фоизгача қисқартиради.

Ишлаб чиқариш жараёнида «Мегатон»га тегишли «Наманган цемент»нинг 550 маркали цементидан фойдаланилмоқда. Бу қўшилган қиймат занжирини яратиш имконини берган. Корхонада 500 та янги иш ўрни ташкил этилди.

Давлат раҳбари ишлаб чиқариш жараёнлари, лаборатория ва тайёр маҳсулотлар билан танишди. Мутасаддилар маҳсулотнинг мустаҳкамлиги, турли об-ҳаво шароитига чидамлилиги ҳақида маълумот берди. Президент маҳаллий саноатдаги инновацияларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлаб, тадбиркорларни рағбатлантириш орқали-бозорда рақобат-ва янги иш ўринлари кўпайишини қайд этди.

Мажмуа йилига 600 минг метр куб газоблок ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бу вилоятдаги ғиштга бўлган талабнинг 28 фоизини қоплайди. Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса автоклав газоблок деворлари, махсус клей, кимёвий аралашмалар ва сувоқларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган.