Владимир Путин Россия иқтисодиётидаги кескин секинлашувни қайд этиб, ҳукумат аъзоларини бу борадаги суст фаолият учун танқид қилди. Унинг таъкидлашича, иқтисодий ўсиш деярли тўхтаган, инфляцияга қарши чоралар эса кутилган натижани бермаяпти.
«Бундан бир йил олдин биз инфляцияга қарши курашиш кераклигини тан олгандик. Бу эса иқтисодиётни «совутиш»га олиб келиши аниқ эди. Лекин буни назоратли равишда амалга ошириш шарт эди», — деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йил июл ойида ЯИМ ўсиши атиги 0,4 фоизни ташкил қилган. Январ-июл ойларида эса умумий ўсиш 1,1 фоиз бўлган, бу эса қўйилган мақсадлардан анча паст.
Президент йиғилишда қатнашган вазирлар ва Марказий банк амалдорларига мурожаат қилиб: «Бу натижалар етарлими? Биз кутган натижамиз шундаймиди?» — деб савол берди. У мавжуд вазиятни таҳлил қилиб, «янги ва самарали иқтисодий чоралар» зарурлигини таъкидлади.
Росстат маълумотларига кўра, 2022–2023 йилларда Россия иқтисодиёти мос равишда 4,1 фоиз ва 4,3 фоизга ўсган. Бироқ 2024 йилда бу кўрсаткич тўрт бараварга пасайди. Айрим тармоқлар, жумладан, енгил саноат ва металлургия, рецессияга учради: мебел ишлаб чиқариш 12 фоизга, кийим-кечак 7 фоизга, электр ускуналари 6,5 фоизга камайди.
Ҳукумат аввалида 2,5 фоизлик иқтисодий ўсиш ваъда қилган бўлса-да, сентябрда прогноз 1,5 фоизга туширилди, кейинчалик 1,2 фоизга қайта кўриб чиқилди. Бу Жаҳон банки ва ХВЖ баҳолашларида кўрсатилган 3 фоизлик глобал ўсишдан икки баробар камдир.
«Интерфакс» манбасига кўра, иқтисодий ўсишнинг секинлашуви бюджет имкониятларини чекламоқда. Аввалида 0,5 фоиз тақчиллик билан ишланган бюджет 1,7 фоиз тақчилликкача кўтарилган, аммо бу режани ҳам амалга ошириш мураккаб бўлиши айтилмоқда.
Молия вазирлиги маълумотларига кўра, август охирига келиб федерал бюджетда 4,2 трлн рубллик катта тешик юзага келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 150 баравар кўп. Шу боис ҳукумат 2026 йилда солиқларни ошириш масаласини кўриб чиқмоқда — ҚҚС 20 фоиздан 22 фоизгача кўтарилиши мумкин.