Рубл ўзини ўнглаб олдими? Россия валютаси мустаҳкамланиши ортидаги ҳақиқий сабаблар

08:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Рубл доллар ва юанга нисбатан мустаҳкамланмоқда. Экспертлар буни РФ Марказий банкининг асосий ставкаси пасайтирилиши ва солиқ мавсуми билан боғламоқда.

Rouble us dollar

Россия рубли доллар ва юанга нисбатан мустаҳкамланишда давом этмоқда. 15 сентябр куни валюта курси 2 фоизга ошди ва 82 рубл даражасигача тушди. Бу Марказий банкнинг асосий ставкани кутилмаганда пасайтириши ортидан содир бўлди. Расмий курслар ҳам туширилди: доллар — 1 рубл 30 копейкага, евро — деярли 2 рублга.

Иқтисодчи Егор Сусинга кўра, бу мустаҳкамланиш локал характерга эга. Унинг фикрича, «Марказий банкнинг қаттиқ риторикаси валюта сотиб олишдаги спекулятив қизиқишни сусайтирди. Бундан ташқари, ой охиридаги солиқ тўловлари экспортёрларни валюта сотишга мажбур қилади». Шунинг учун рубл сентябр охиригача яна мустаҳкамланиши мумкин, деб ёзмоқда «Коммерсантъ» нашри.

Бироқ йил охиригача импорт ўсиши кутилмоқда ва бу долларга талабни ошириши мумкин. Шу боис йил охирида курс 85–90 рубл атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда. Ҳукумат эса бюджетда 96,5 рубллик курсни асос қилиб олган.

«Финам» компанияси таҳлилчиси Ярослав Кабаков эса инфляция, кредит фаоллиги ва экспортга қараб валюта курсининг ўзгаришини кутмоқда. Унинг сўзларига кўра, «реал фоиз ставкаси юқори, лекин импорт ортиши рубл босим остида қолишини англатади».

Август охирида Россия экспортчилари 69 млрд рубллик валюта сотиб олган — бу июл ойига нисбатан икки баробар кўп. Ҳозирча рубл мустаҳкамланмоқда, бироқ йил охиригача барқарор тренд шаклланишига шубҳалар бор.