2024 йилда марказда қуввати 64 MW бўлган газ-турбиналари ишга туширилиши натижасида йиллик 515 млн kWh электр ва 630 Gkal иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилмоқда.
Экологик хавфсизликни таъминлаш учун марказдаги 3 та газ-турбинали қурилмаларга экопостлар ўрнатилган. Улар ёрдамида атмосферага чиқарилаётган газлар доимий мониторинг маркази томонидан кузатиб борилади ҳамда таҳлил қилинади.
Марказ директори Расул Шамсиевнинг таъкидлашича, корхона пойтахт аҳолисининг 16 фоиз иссиқлик ва 12 фоиз электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплайди. Ишлаб чиқариш жараёнида 70 фоизга яқин иссиқлик энергияси когенерация усулида олинади. Шу билан бирга, электр энергиясида ёқилғи сарфи 170 грамм, иссиқликда эса 175 кгни ташкил қилади.
«Марказимиз электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришда тўлиқ табиий газга мослаштирилган. Энди мазут ёки бошқа турдаги ёқилғидан фойдаланилмайди», — деди у.
Лойиҳа Туркиянинг Iltekno компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган бўлиб, Чилонзор, Олмазор ва Сергели туманларида когенерация марказлари ишга туширилган. Уларда паст босимли газдан ҳам энергия ишлаб чиқариш имкони яратилган. Компания бундай технологияларни яна еттита туманда — Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Шайхонтоҳур, Учтепа, Миробод, Яшнобод ва Янгихаётда жорий этишни режалаштирмоқда.
Феврал ойида президент 2025 йил охиригача мамлакатдаги барча корхоналарни мазутдан тўлиқ воз кечишга қаратилган топшириқ берганди. Бироқ июлда Илҳом Тўраев 2025–2026 йилги мавсумда захира ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш эҳтимоли сақланиб қолишини билдирган.