OpenAI раҳбари Сэм Алтманнинг таъкидлашича, ёшлар сунъий интеллект билан ишлашда алоҳида ҳимояга муҳтож ва шу боис компания ёшни аниқловчи махсус тизимни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда у янги баёнот билан чиқди.
«Биз хавфсизликни махфийлик ва эркинликдан устун қўямиз. Бу янги ва кучли технология, ва биз ноболиғларга жиддий ҳимоя керак, деб ҳисоблаймиз», — деди Алтман. Унинг сўзларига кўра, ChatGPT фойдаланувчи 18 ёшдан кичик эканини аниқласа, автоматик равишда улар учун мўлжалланган версияга йўналтирилади. Бу версияда фаҳш мазмунлардан ҳимоя ва зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жалб қилиш имкони бўлади.
OpenAI ёш аниқлашга шубҳа бўлган ҳолларда ҳам «кафолатли хавфсизлик» сиёсатини қўллаб, фойдаланувчини ноболиға деб ҳисоблашини маълум қилди. Шунингдек, айрим ҳолатларда ёки айрим давлатларда фойдаланувчилардан ёшни тасдиқловчи ҳужжат сўралиши мумкин.
OpenAI бундай ёндашувни катталар махфийлиги учун маълум «созлаш» деб атади, аммо бу «асоссиз эркинлик» ўрнига болалар хавфсизлиги муҳимроқ, дейилади.
Яқин вақтда компания ота‑оналар учун ChatGPT’да алоҳида назорат функцияларини жорий этади. Унга кўра, ота‑оналар фарзандларининг аккаунтини ўз ҳисобларига боғлай олади, чатбот фаолиятини чеклайди ва махсус «дам олиш соатлари»ни белгилаши мумкин бўлади.
OpenAIʼнинг маълум қилишича, бундай чоралар сўнгги пайтларда ChatGPT ёшларга сўзсиз таъсир кўрсатаётгани билан боғлиқ хавотирлар туфайли жорий этилмоқда. Хусусан, яқинда 16 ёшли Адам Рейннинг ота-онаси OpenAI ва Сэм Алтманга қарши даъво аризаси киритди. Уларда ChatGPT ўғилларига ўзини ўлдириш усулларини тавсия қилгани ҳақида иддао қилинган.
Аввалроқ одамлар ChatGPT’дан асосан кундалик масалаларда фойдаланаётгани аниқлангани ҳақида хабар берган эдик.