«2030 йилга қадар мутлақ камбағалликка барҳам беришга имкониятимиз бор» — Мирзиёев

14:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Намангандаги халқаро форумда нутқ сўзлаб, маҳаллабай ишлаш тизими, янги дастурлар, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани ривожлантириш орқали 2030 йилга қадар Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка барҳам бериш имконияти мавжудлигини таъкидлади.

Mirziyoyev

Бугун Наманганда ўтаётган «Камбағалликдан фаровонлик сари» халқаро форумида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, маҳаллабай ишлаш тизими, хотин-қизлар ва ёшлар дастурлари, инфратузилма лойиҳалари ҳамда халқаро ҳамкорлик орқали 2030 йилга қадар мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам бериш имконияти мавжудлигини таъкидлади. Бу ҳақда президент ахборот хизмати хабар берди.

Маҳаллабай ишлаш тизими

Президент маҳаллабай ишлаш тизими ўзини тўлиқ оқлаганини қайд этди. Ҳар бир хонадон ва оила билан индивидуал режа асосида ишланиб, одамларнинг даромадини ошириш учун етарли ресурс ажратилмоқда. Маҳаллаларни обод қилиш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга йилига 2,5–3 миллиард доллар йўналтирилмоқда.

Ер тақсимоти ва қишлоқ аҳолисини қўллаб-қувватлаш

235 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, аҳолига 30–50 сотихдан ер ажратиш амалиёти жорий этилди. Бу чора 800 минг одамнинг даромадини оширишда муҳим омил бўлди. Лидер тадбиркорлар кўмагида сердаромад экинлар етиштириш ва уларни кафолатли сотиб олиш тизими йўлга қўйилди.

Янги дастур ва доимий иш ўринлари

Ҳозирда еттита устувор йўналишдан иборат «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури амалга оширилмоқда. Президент сўзларига кўра, аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки барқарор иш жойлари яратиш устувор вазифа қилиб белгиланган. Саккиз йил ичида 700 минг тадбиркор ўз бизнесига эга бўлди. Фақат 2025 йилнинг ўзида 270 мингдан ортиқ камбағал оила аъзоси доимий иш билан таъминланди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш

Хотин-қизларга олийгоҳларда фоизсиз кредит ва магистратурада бепул таълим имкониятлари берилди. Бугун талабаларнинг 53 фоизи хотин-қизлардир. Жорий йилда 1,7 миллион аёл ишли бўлди. «Рақамли авлод қизлари» дастури доирасида 50 минг қиз ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишида ўқитилади.

Тиббий хизмат ва ижтимоий ҳимоя

140 минг камбағал оилага шифокор бириктирилди, улар йилига бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Кафолатланган тиббий хизматлар ҳажми кенгайтирилиб, камбағал оилаларнинг тиббий харажатлари икки баробарга қисқартирилади. Ҳар бир туман ва шаҳарда «Инсон» марказлари ташкил қилиниб, аҳолига 100 дан ортиқ ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда.

Инфратузилмани ривожлантириш

3,5 миллион аҳоли яшайдиган мингдан ортиқ оғир маҳаллаларда инфратузилма яхшиланмоқда. Шу йилнинг ўзида 470 минг хонадон сув билан, 790 минг хонадон электр таъминоти билан таъминланди. Келгуси йилда 400 миллион доллар ажратилиб, 328 та оғир маҳаллада йирик лойиҳалар амалга оширилади.

Янги молиявий архитектура ташаббуси

Президент Мирзиёев халқаро молия институтларини ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришда камбағалликни қисқартириш талабини киритишга чақирди. Шунингдек, 2026 йилда Хивада юқори даражадаги конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Президент сўзининг якунида: «Инсон қадрини улуғлаш ва камбағалликни қисқартириш – Янги Ўзбекистондаги барча ислоҳотларнинг замири. Биз бу йўлдан ортга қайтмаймиз», – деди.