«7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилди» — Шавкат Мирзиёев

12:30 | 5 дақиқада ўқилади.

Президент Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2024 йилда 8,9 фоизга туширилгани, йил якунигача уни 6 фоизгача камайтириш мақсад қилингани ҳақида айтди.

Mirziyoyev

17 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида «Камбағалликдан фаровонлик сари» халқаро форумининг очилишида нутқ сўзлади. Форумда 30 дан ортиқ ташкилот ва 200 га яқин халқаро эксперт, жумладан, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Ал-Жассир, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Инмин Янг, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги бош вице-президенти Сачико Имото, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе, Жаҳон банкининг камбағалликни қисқартириш бўйича глобал директори Луис Фелипе Лопез-Кальва ва бошқалар қатнашмоқда. Бу ҳақда президент ахборот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев жаҳон беқарорликлари ва глобал таҳдидлар фонида Ўзбекистонда амалга оширилган ижтимоий ислоҳотларни таҳлил қилиб, камбағалликка қарши чораларни давлат сиёсати даражасига кўтарилганини қайд этди.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, инсоният кескин ва мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Геосиёсий ва иқтисодий беқарорлик, иқлим ўзгариши, сув танқислиги ҳамда пандемиялар туфайли оғир синовлар юзага келмоқда. 2015 йилдан буён дунё иқтисодиёти ўсиш суръати ўртача 3 фоизга тушиб, камбағалликда яшовчилар сони 800 миллиондан ошди.

Президент бу ҳолат давлатлар ва халқаро ташкилотлар олдига янги вазифалар қўяётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда сўнгги саккиз йилда инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш, иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадини ошириш ва турмуш шароитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мирзиёев камбағалликка қарши кураш умуммиллий ҳаракатга айланганини, Жаҳон банки ва БМТ билан ҳамкорликда миллий мезонлар ишлаб чиқилганини қайд этди. Янгиланган Конституцияда пенсия ва нафақалар миқдори энг кам истеъмол харажатидан кам бўлмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

Изчил ислоҳотлар натижасида 7,5 миллион киши камбағалликдан чиқарилди, 2024 йилда унинг даражаси 8,9 фоизга туширилди, йил якунига қадар эса 6 фоизгача камайтириш режалаштирилган. Ўтган даврда иқтисодиёт икки баробар ўсди, жон бошига даромад 3,5 минг долларга етди.

Президент Янги Ўзбекистон модели манзилли ижтимоий дафтарлар ва кенг қамровли ёрдам тизимига асосланганини қайд этди. Пандемия даврида 2 миллиондан ортиқ оилага дори, озиқ-овқат ва нафақалар берилди, натижада 5,2 миллион одам камбағаллик қопқонидан асраб қолинди.