my.gov.uz порталидаги пулли хизматлар банк ва мобил алоқа операторлари иловаларига боғланади

21:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Шунингдек, талабалар ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича ягона портал орқали мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

My gov

«Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–286-сон, 16.09.2025 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қарорга мувофиқ, «Рақамли ҳукумат» дастури доирасида 2025–2026 йилларда 41 та устувор лойиҳа амалга оширилиб, электрон давлат хизматлари улуши 70 фоизга етказилади. Шу билан аҳоли ва ташкилотлар учун давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари янада кенгаяди.

2025 йил декабридан нодавлат нотижорат ташкилотлари идоралараро интеграция платформаси орқали электрон ҳамкорлик қилиш ҳуқуқига эга бўлади. 2026 йилдан эса «Рақамли маҳалла» тизими орқали аҳоли билан ишлаш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда маълумотларни юритиш жараёнлари рақамлаштирилади.

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жисмоний шахсларнинг шахсга доир маълумотлари уларнинг шахсий кабинети орқали реал вақт режимида тақдим этилади. Бунда жисмоний шахснинг Ягона порталдаги шахсга доир маълумотлари уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади.Ушбу маълумотлар Ягона порталнинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда кўрсатилганда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мазкур маълумотларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш тақиқланади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида 2026 йил 1 майдан ногиронликни белгилаш жараёнлари электрон навбат ва йўлланмалар асосида амалга оширилади. Шунингдек, тиббий кўрик жараёнида сунъий интеллектга асосланган «Шифокорнинг рақамли ёрдамчиси» дастури ишга туширилади.

Таълим йўналишида ҳам янги имкониятлар яратилади. 2025 йил ноябрдан давлат олий таълим муассасалари талабалари ижара тўловининг бир қисмини қайтариш учун портал орқали мурожаат қилиши мумкин бўлади. 2026 йилдан эса таълим жараёни билан боғлиқ давлат хизматлари тўлиқ Ягона портал орқали кўрсатилади.