Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилиши мумкин

18:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Наманганда ўтаётган «Камбағалликдан фаровонлик сари» халқаро форуми доирасида Шавкат Мирзиёев Ислом тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки раҳбарлари билан учрашиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди.

Mirzziyoyev bank

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни Наманган шаҳрида Жаҳон банкининг глобал директори Луис Фелипе Лопес-Кальва, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир ва ОТБ вице-президенти Инмин Янг билан учрашди. Бу ҳақда президент ахборот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир билан мулоқотда узоқ муддатли стратегик шериклик дастурини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Суҳбатда инфратузилма, ижтимоий соҳа ва хусусий сектор лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини ошириш масалалари кўриб чиқилди. Лойиҳалар портфели ҳозирда 5 млрд доллардан ошган бўлиб, инвестицияларнинг катта қисми хусусий секторга йўналтирилган.

Жаҳон банки глобал директори Луис Фелипе Лопес-Кальвани билан учрашувда ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилинди. Суҳбатда камбағалликка қарши кураш, ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш, туризм ва ёшлар учун иш ўринлари яратиш масалаларига эътибор қаратилди. Жаҳон банки билан ҳамкорлик портфели 14 млрд доллардан ошиб, Ўзбекистон минтақадаги етакчи шериклардан бирига айлангани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев ОТБ вице-президенти Инмин Янг билан учрашувда инфратузилма, «яшил» энергетика, рақамли трансформация ва таълим соҳаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлади. Мамлакатимиздаги лойиҳалар портфели 14 млрд долларга етгани маълум қилинди. Шунингдек, келгуси йилда ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик кўриш масаласи муҳокама этилди.