Олий Мажлис қонунчилик палатасида 16 сентябр куни бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга оид қонун биринчи ўқишдаёқ депутатлар томонидан маъқулланди.
Марказий банк раиси ўринбосари Аброрахўжа Турдиалиев исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича маъруза қилди. Таъкидланишича, ҳужжат президентнинг 2023 йил 5 сентябрдаги қарори (ПҚ-292) ва 2024 йил 30 августдаги фармони (ПФ-132) ижросини таъминлаш мақсадида Марказий банк томонидан хорижий ва маҳаллий экспертлар кўмагида ишлаб чиқилган.
Аброрахўжа Турдиалиевга кўра, ислом молияси ўзига хос тамойиллар асосида қурилади: қўшимча мукофот эвазига маълум муддатга қарзга пул бериш, Ислом динида рухсат этилмаган фаолиятни молиялаштириш, шунингдек, шартномаларда ҳаддан ташқари ноаниқликка йўл қўйиш тақиқланади. Ушбу тақиқларга риоя қилиш доимий назорат остида бўлиши шарт.
Шу сабабли ўз фаолиятида исломий молия стандартларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида исломий банкларда зарур билим ва тажрибага эга мутахассислардан ташкил топган исломий молия кенгаши, исломий молия бўлими ва исломий молия аудити фаолиятини йўлга қўйиш керак.
Исломий банк ташкил қилишда мавжуд чекловлар ва ечимлар
Исломий молияда савдо ва ҳамкорлик асосий молиялаштириш усуллари ҳисобланади. Бироқ амалдаги «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, банкларга тўғридан-тўғри савдо фаолияти билан шуғулланиш, юридик шахслар ташкил этиш ёки уларнинг устав капиталида иштирок этиш тақиқланади. Бу эса тизимни кенг жорий этишда муайян чекловларни келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, Солиқ кодекси талабларига кўра, товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солиқ объекти сифатида эътироф этилади. Шу сабабли савдо орқали амалга ошириладиган исломий молиявий хизматлар анъанавий молия хизматларига қараганда қимматроқ бўлиб қолмоқда.
Марказий банк раиси ўринбосари Турдиалиевнинг таъкидлашича, исломий банкчиликни тўлиқ жорий этиш наfaqat қонунчиликдаги чекловларни олиб ташлашни, балки зарур институционал асосларни яратишни ҳам талаб қилади. Шу боис Солиқ ва Фуқаролик кодексларига, шунингдек, яна 8 та қонунга халқаро тажрибага, жумладан, Малайзия, Туркия, БАА ва қўшни давлатлар амалиётига таянган ҳолда ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.
Лицензия масаласи
Лойиҳага кўра, исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун махсус лицензия жорий этилади. Бу банкларга нафақат тўлиқ исломий банк очиш, балки анъанавий банклар таркибида «исломий дарча» («islamic window») ташкил этиш имконини ҳам беради. Шунингдек, исломий молиявий операцияларнинг асосий турлари — мурабаҳа, мудораба, мушарака, вакола ва салом ҳуқуқий жиҳатдан аниқланмоқда.
Мавжуд қонунлардаги чекловларни бартараф этиш мақсадида, банкларга тўғридан-тўғри савдо фаолияти билан шуғулланиш, юридик шахсларни ташкил этиш ва устав капиталида иштирок этиш имкони берилиши таклиф қилинмоқда. Шу билан бирга, исломий молия операциялари учун махсус солиқ режими жорий этилиши кўзда тутилган.
Марказий банк раиси ўринбосари Турдиалиевнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси «исломий банк фаолияти», «исломий молиявий хизматлар», «исломий молиявий стандартлар» каби янги тушунчаларни киритишни ҳам назарда тутади. Унинг таъкидлашича, ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатда исломий банкчиликни халқаро стандартлар асосида амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий асос яратади.
Лойиҳага асосан, Марказий банк ва тижорат банклари қошида исломий молия кенгашлари ташкил этилиб, уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ белгиланади. Марказий банкка эса стандартларни тасдиқлаш, банклар кенгашлари ва улар аъзоларини баҳолаш ҳуқуқи берилади.
Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Энди ҳужжат иккинчи ва учинчи ўқишларда кўриб чиқилиб, Сенатга юборилади.
Исломий банклар нима ва унинг одатий банклардан фарқи қандай?
Исломий банкчилик шариат қонун-қоидалари асосида ташкил этилган молиявий тизим ҳисобланади. Унинг энг асосий хусусияти – фоиз (рибо)нинг тақиқланишидир. Анъанавий банкларда қарз бериб, ундан фоиз олиш орқали даромад топилса, исломий банкларда бу йўлга йўл қўйилмайди. Шариат қоидаларига кўра, фоиз орқали пул ишлаш гуноҳ саналади, шу боис банклар ўз даромадини бошқа усуллар орқали қўлга киритади.
Бу тизимда банк ва мижоз муносабати кредитор ва қарздор ўртасидаги муносабатдан кўра шериклик ва ҳамкорликка яқинроқ. Масалан, банк мижоз истаган товарни ўз маблағига харид қилиб, устама қўшган ҳолда қайта сотиши мумкин — бу «муробаҳа» деб аталади. Ёки банк мижоз билан шериклик асосида инвестиция киритиб, фойда ва зарарни тенг бўлишиши мумкин — бу шартнома «мушарака» ёки «мудораба» деб юритилади. Шу билан бирга, банк мулкини ижарага бериш орқали ҳам даромад олиши мумкин.
Одатий банк ва исломий банк фарқлари
Жиҳатлар | Анъанавий банк | Исломий банк |
Даромад манбаи | Қарздан фоиз олиш орқали | Савдо (муробаҳа), шериклик (мушорака, мудораба), ижара орқали |
Фоиз (рибо) | Асосий механизм ҳисобланади | Шариатда ҳаром, қатьий тақиқланган |
Мижоз билан муносабат | Кредитор – қарздор | Шериклик ва ҳамкорлик |
Хавф тақсимоти | Хавф асосан қарздор зиммасида | Хавф ва зарар тарафлар ўртасида бўлинади |
Инвестиция йўналиши | Барча соҳаларга йўналтирилиши мумкин | Ҳаром соҳаларга (спиртли ичимликлар, қимор, порнокрафия) сармоя йўналтирилмайди |
Шартнома хусусияти | Кўпинча пул айланмаси ва қарз шартномасига асосланган | Ҳар бир операция аниқ шартнома ва реал активларга боғланган |
Хизмат нархи | Бозор рақобатига қараб шаклланади, кўп ҳолда арзонроқ | Хизмат қимматроқ (бозор ривожланмагани, маблағ камлиги ва талаб чеклангани учун) |
Ахлоқий меъёрлар | Иқтисодий самарадорлик асосий ўринда | Ахлоқий ва ижтимоий меъёрлар устувор |
Исломий банкларда хавф ва зарар бир томон зиммасига тушмайди, балки тарафлар ўртасида тақсимланади. Масалан, молиялаштирилган лойиҳа самарасиз чиқса, банк ҳам зарар кўриши мумкин. Бу жиҳатдан исломий банкчилик анъанавий банкчиликдан тубдан фарқ қилади, чунки классик банк тизимида қарздор зарар кўрса ҳам, қарз ва фоизни тўлаш мажбурияти сақланиб қолади.
Исломий банкчиликда ахлоқий ва ижтимоий меъёрлар ҳам катта аҳамиятга эга. Масалан, банклар спиртли ичимликлар, қимор, порнография ёки бошқа ҳаром соҳаларга сармоя киритишга йўл қўймайди. Ҳар бир молиявий операция аниқ шартнома билан амалга оширилиши ва реал активларга боғлиқ бўлиши шарт. Анъанавий банклар эса асосан фоизли кредитлар, депозитлар, облигациялар ва пул бозори инструментлари орқали ишлайди.
Марказий банк департаменти раҳбари Санжар Носировнинг тушунтиришича, одамлар кўпинча «муаммоларим исломий банк орқали ечилиб кетади» деб ҳисоблайди. Кўпчилик исломий молия хизматини мутлақо текин, ёки анъанавий банкка қараганда арзон деб ўйлайди. Шунингдек, «анъанавий банк менга кредит бермаяпти, исломий банкка борарман, албатта пул оламан» деган фикрлар ҳам тарқалган. Аслида эса бу нотўғри.
Фоиз кўринишида ифодаланмагани билан, исломий банкларда ҳам пулнинг нархи мавжуд. Фақат у бошқача шаклда намоён бўлади. Шариат қоидаларига кўра, пулнинг ўзи вақт билан бирга қўшилиб қўшимча даромад яратмаслиги керак. Яъни «мен пул бердим, бир йилдан кейин кўпроқ қилиб қайтар» деган тартибга йўл қўйилмайди.
Яна бир муҳим жиҳат — исломий банк хизматлари нархи кўп ҳолларда қимматроқ бўлади. Бунинг сабаби, бу бозор ҳали етарлича ривожланмагани, маблағ камлиги ҳамда талаб ва таклиф миқдорининг чекланганидир. Шу боис исломий банк хизматларида харажатлар юқори, нархлар ҳам анъанавий банк хизматларига нисбатан юқорироқ чиқиши табиий ҳол ҳисобланади.
Ўзбекистонда қачондан ҳаракат бошланган?
Исломий банкларни ташкил қилиш масаласи кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ, бу 2018 йилдан бери муҳокама қилинади. 2018 йилда «Ўзбекистонда ислом банк иши ва молиялаштириш инфратузилмасини яратиш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси муҳокама порталига жойлаштирилганди. Аммо, ҳануз ҳужжат қабул қилинмади.
Ислом тараққиёт банки вакили Ҳусан Ҳасановнинг фикрича, ислом банкининг жорий этилиши орқали мамлакатга 10 млрд долларгача қўшимча хорижий сармоя жалб этилиши мумкин эди. Бунга тўсқинлик қилувчи асосий омиллардан бири сифатида инфратузилма, меъёрий-ҳуқуқий база, депозитларни ҳимоя қилишнинг йўқлиги ҳамда молиявий тўсиқлар тилга олинган.
Бундан ташқари, 2021 йилда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари Илҳом Норқулов исломий молиялаштириш тўлиқ жорий этилмаганлиги сабабини изоҳлаган:
«Гап шундаки, мамлакат аҳолисининг молиявий саводхонлик даражаси анча паст. Эҳтимол, одамлар оддий банк хизматлари ҳақида нимадир билишади, лекин исломий молиялаштириш ҳақида деярли маълумотга эга эмас. Аҳолининг молиявий саводхонлиги ошиши билан исломий банк тизимини жорий этиш анча осонлашади», — деган Норқулов.
Шу ўринда, 2021 йилда Марказий банк раиси Мамаризо Норқулов 14 та банкда исломий дарча йўлга қўйилганини айтган эди.
2022 йилда Ўзбекистон ислом молияси бўйича нуфузли халқаро ташкилот — Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ва аудиторлик ташкилоти билан ҳамкорлик ўрнатди.
2023 йил сентябр ойида тасдиқланган «Ўзбекистон-2030» стратегиясида камида 3 та тижорат банкида ислом молияси мезон ва тартибларини жорий этиш кўзда тутилган. Хусусан, «Ватандош» интеллектуал клубида ислом молияси жорий этилиши натижасида қарийб 10 млрд долларлик инвестициялар жалб қилиниши, 100 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши мумкинлиги айтилган эди.
2024 йил 18 апрел куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев ислом молияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрлиги ва йил охиригача парламентга киритилишини айтган. Шу йили декабрда Ўзбекистон Марказий банки Исломий молиявий хизматлар кенгашига аъзо бўлган эди.
Ўзбекистонликларга исломий банклар қай даражада зарур?
БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) сўровномасига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 68 фоизи, бизнес вакилларининг эса 60 фоизи диний эътиқоди сабаб анъанавий банк хизматларидан фойдаланишни истамайди.
2023 йилда Тошкентда бўлиб ўтган халқаро форумда «Apex bank» бошқарув раиси (ўша пайтдаги раҳбар) Баҳром Нўъмонов аҳолининг 20 фоизи диний сабабларга кўра кредит тизимидан фойдаланмаслигини маълум қилганди.
Бундан ташқари, 2024 йилда президент тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда бизнес вакилларининг 38 фоизи исломий молия асосида ресурс олиш истагида эканлигини айтганди.
Бу масалада иқтисодчи Валижон Турақулов муносабат билдирган:
«Банкларга ишончдан ташқари, одамларимизнинг эътиқоди ҳам жамғариш усулларини танлашда катта ўрин тутади. Шунинг учун тезроқ исломий банклар ва молиявий хизматлар сонини кўпайтиришимиз лозим. Аҳолисининг 85–90 фоизи мусулмон бўлган давлатда ҳеч бўлмаганда бирорта исломий банк ва молиявий хизматнинг мавжуд эмаслиги жуда катта иқтисодий «уят» ҳисобланади», — дейди иқтисодчи.
Умуман олганда, Ўзбекистонда исломий молия, айниқса, банк хизматларига эҳтиёж катта. Юқоридаги рақамлар бунинг қай даражада долзарб эканини яққол кўрсатиб турибди.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.