Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия жорий этилади. Бу ҳақда кеча, 16 сентябр кунги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилган Ўзбекистонда ислом банкини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида келтирилган.
Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиевнинг маълум қилишича, ислом молияси ўзига хос тамойиллар асосида қурилади: қўшимча мукофот эвазига маълум муддатга қарзга пул бериш, Ислом динида рухсат этилмаган фаолиятни молиялаштириш, шунингдек, шартномаларда ҳаддан ташқари ноаниқликка йўл қўйиш тақиқланади. Ушбу тақиқларга риоя қилиш доимий назорат остида бўлиши керак. Шу муносабат билан ўз фаолиятида исломий молия стандартларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида исломий банкларда зарур билим ва тажрибага эга мутахассислардан ташкил топган исломий молия кенгаши, исломий молия бўлими ва исломий молия аудити фаолиятини йўлга қўйиш керак.
Унга кўра, исломий молияда савдо ва ҳамкорликни молиялаштириш асосий усуллар ҳисобланади. Бироқ, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, банкларга тўғридан тўғри савдо фаолияти билан шуғулланиш, юридик шахслар ташкил этиш ёки уларнинг устав капиталида иштирок этиш тақиқланади, бу эса чекловларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, Солиқ кодексига мувофиқ, товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солиш объекти сифатида эътироф этилади. Бу эса, савдо орқали амалга ошириладиган исломий молиявий хизматларнинг анъанавий молиявий хизматларга нисбатан қимматроқ бўлишига олиб келади.
«Исломий банкни тўлиқ жорий этиш нафақат қонунчиликдаги чекловларни олиб ташлашга, балки институционал асосларни яратишга қаратилган комплекс ёндашувни талаб қилади. Шу жиҳатдан Солиқ ва Фуқаролик кодексларига, шунингдек, 8 та қонунга халқаро тажрибадан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритиш талаб этиляпти.
Қонун лойиҳасида келтирилишича, асосий исломий молиявий операциялар: муробаҳа, мудораба, мушорака, вакала, салам аниқланади. Исломий фаолиятни амалга оширувчи банкларга тўғридан-тўғри савдо фаолияти билан шуғулланишга, юридик шахслар ташкил этишга ва компанияларнинг устав капиталидаги улушларни чекловларсиз сотиб олишга рухсат бериш таклиф этилмоқда.
«Марказий банкда ва банкларда исломий молия кенгаши ташкил этилиши, уларнинг вазифа ва функциялари белгиланмоқда. Марказий банкка кредит ташкилотлари учун исломий молия стандартларини тасдиқлаш, банкларнинг исломий молия кенгашига ва унинг аъзоларини баҳолашга доир талабларни белгилаш ваколати берилмоқда», — деди Турдалиев.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Ўзбекистонда исломий молия операциялари учун махсус солиқ режими жорий этилиши кўзда тутилган.
Унинг фикрича, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши Ўзбекистонда ислом банк ишини халқаро стандартларга мувофиқ амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий асос яратади.
«Бу, ўз навбатида, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига исломий молиявий хизматлар кўрсатувчи исломий банклар, исломий „дарчалар“ ва исломий микромолиявий ташкилотларни ташкил этиш имконини беради. Натижада муқобил молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди, шунингдек, бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги воситалари жорий этилади», деди Турдалиев.
Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда бир овоздан маъқулладилар. Энди уни иккинчи ва учинчи ўқишга киритиш ва Сенатга кўриб чиқиш учун юбориш керак.
БМТ Тараққиёт дастури сўровномасига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 68 фоизи, бизнес вакилларининг эса 60 фоизи диний эътиқоди сабаб анъанавий банк хизматидан фойдаланишни хоҳламайди.