Тошкент аэропортининг учиб келиш терминали майдони янгича кўринишга эга бўлади

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент халқаро аэропорти учиб келиш терминали олдида реконструкция ишлари бошланди. Ушбу ўзгаришлар йўловчилар ва кутиб олувчилар учун қулайлик яратиш ҳамда такси хизматини тартибга солишга қаратилган.

Aeraport

Тошкент халқаро аэропорти учиб келиш терминали олдида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида терминал фасади кенгайтирилади ва қўшимча автомобил йўли қурилади. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар берди.

Биринчи қатордaги йўлак туристик автобуслар ва расмий таксилар учун мўлжалланади. Бу йўналишда бир нечта лицензияга эга такси операторлари ким ошди савдоси орқали турли нарх тоифаларида — бюджет, комфорт ва бизнес-класс хизматларини тақдим этади.

Иккинчи йўлак эса кутиб олувчилар ва агрегатор таксилари учун очиқ бўлади. Йўлакларда 10 дақиқалик вақт чегараси жорий этилади ва назорат махсус видеокамералар орқали амалга оширилади. Қоидани бузганларга автоматик равишда жарима юборилади.

«Uzbekistan Airports» ахборот хизматига кўра, ҳозирги ҳолатда тартибсизлик ва ноқонуний ташувчилар йўловчилар учун катта ноқулайлик туғдирмоқда. Янги тартиб эса аэропортни ҳам пойтахт аҳолиси, ҳам хорижий меҳмонлар учун қулай ва хавфсиз масканга айлантиради.

Иш жараёнлари икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 2025 йил октябр ойи охирига қадар 330 та автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ, шу жумладан тез қувватлантириш шохобчалари фойдаланишга топширилади. Иккинчи босқичда эса учиб кетиш ва учиб келиш терминалларини бирлаштириш ҳамда кириш йўлларини кенгайтириш режалаштирилган.