Япониядаги «Янгиланиш йўли» партияси етакчилигига сунъий интеллект тайинланиши маълум қилинди. Партиянинг асосчиси — сиёсий фавқулодда шахс ҳисобланган Шинжи Ишимару партияни сўнгги сайловдаги мағлубиятдан сўнг тарк этди.
Ушбу партия 2025 йил январда Ишимару томонидан таъсис этилган бўлиб, у аввал ғарбий Япониядаги кичик шаҳар мэри сифатида фаолият юритган. 2024 йилдаги Токио губернаторлиги сайловида онлайн кампания орқали кутилмаганда иккинчи ўринни олган. Бироқ 2025 йилдаги юқори палата сайловларида партия ҳеч қандай ўрин қўлга кирита олмади.
«Янги етакчи — AI бўлади», — деди матбуот анжуманида партия етакчилиги учун танловда ғолиб чиққан ва ҳозирда Киото университетида AI йўналишида докторантурада ўқийдиган 25 ёшли Коки Окумура. У ўзини «AI етакчига ёрдамчи» сифатида таништирди.
Окумуранинг айтишича, AI партия аъзоларига сиёсий қарорларни тақдим этмайди, балки ресурсларни тақсимлаш каби ташкилий масалаларга масъул бўлади. Яъни AI, кўпроқ техник ва бошқарув қарорларида қўлланилади, партиянинг сиёсий йўналишини эса ҳар бир аъзо ўз хоҳишига кўра белгилайди.
Айни пайтгача партия сайловларда омадсизликка учраган. Жорий йил июнь ойидаги Токио мажлиси сайловларида кўрсатилган 42 номзоднинг ҳеч бири ўрин ололмади. Июлда юқори палата сайловида ҳам 10 нафар номзоднинг барчаси мағлубиятга учради.
Японияда сиёсий жараёнларга AI’ни интеграция қилиш бўйича бу биринчи расмий ташаббус ҳисобланмоқда. Амалдаги етакчи бўлмасада, AI’нинг партия ичидаги қарорларга таъсири катта бўлиши кутилмоқда.
Аввалроқ Албания дунёда биринчи бўлиб сунъий интеллектга вазирлик топширгани в у ҳукумат давлат тендерларида порахўрликни йўқ қилишни мақсад қилгани ҳақида хабар берган эдик.