Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистонда Афғонистондан олиб келинган катта миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Биринчи ҳолатда Афғонистондан контрабанда йўли билан киритилган 9 кг 896 грамм «гашиш» Ёзёвон туманидаги дала майдонида яширилган ҳолда сақланар эди. Уни олиб кетишга уринган Марғилон шаҳрида яшовчи хусусий тадбиркор ва унинг шериги ашёвий далиллар билан ушланди. Шахсларнинг у ёнидан 14,5 минг АҚШ доллари ва 6,25 млн сўм ҳам расмийлаштириб олинди. Терговга қадар текширув давомида уларнинг шериги яшаш уйидан 110 грамм «опий», электрон тарозилар ва пул маблағлари топилди.
Иккинчи ҳолатда эса, Тўрткўл ва Хазорасп туманлари фуқаролари Афғонистонлик наркосавдогарлардан катта миқдорда гиёҳванд моддалар буюртма қилгани аниқланди. Уларнинг режасига кўра, ажал оғуси Сурхондарё орқали олиб ўтилиб, Тўрткўл туманидаги хуфия жойда сақланиши керак эди. Тезкор тадбирда улар 6 кг 149 грамм «опий» ва 9 кг 814 грамм кўкнори сомонини олаётганда ушланди.
Ҳозирда барча шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов доирасида уларнинг жиноий алоқалари аниқланмоқда.
Маълумот учун, ушбу моддалар Фарғона водийси ва бошқа ҳудудларда сотилиши режалаштирилгани қайд этилган.