2025 йил бошидан буён миллий валюта — сўм барқарор мустаҳкамланишини сақлаб қолмоқда. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таҳлилига кўра, йилнинг биринчи саккиз ойида сўм 5 фоизга мустаҳкамлади. Бу кўрсаткич қўшни давлатлар валюталари фонида анча юқори.
Ўзбекистон миллий валютаси — сўм, 2025 йил бошидан буён долларга нисбатан барқарор мустаҳкамланишда давом этмоқда. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таҳлилига кўра, йилнинг биринчи 8 ойида сўм 5 фоизга мустаҳкамланган.
Инфографика: Миркономика
Бу кўрсаткич қўшни давлатлар валюталари билан таққосланганда анча юқори. Масалан, тенге 3 фоизга, қирғиз соми 0,5 фоизга қадрсизланган, рубл эса феврал–март ойларидаги кескин ўсиш ҳисобига 22,7 фоизлик мустаҳкамланишни қайд этган.
Хусусан, Марказий банк раиси Темур Ишметов асосий ставка бўйича ўтказилган матбуот анжуманида миллий валюта — сўм йил бошидан буён 3–4 фоиз мустаҳкамланганини маълум қилган эди. Шунингдек, у долларнинг жаҳон валюта бозорида 9–10 фоизга қадрсизланганини ҳам таъкидлаган. Бу эса алмашинув курсидаги тебранувчанлик ортиши миллий валютанинг қадрсизланишига доир кутилмаларни пасайтирган.
Йирик халқаро валюта бозорида евро 14 фоизга, франк 14,4 фоизга, фунт 9,3 фоизга, иена эса 7,1 фоизга долларга нисбатан қимматлашди. Бироқ бу ўсиш суръатлари сўмникидан юқори эмас.
Холбоев сўмнинг барқарорлигига бир нечта омиллар таъсир қилганини таъкидлайди: юқори олтин нархлари фонида экспорт ҳажмининг ортиши, импортда секинлашиш, пул ўтказмалари ва инвестиция оқимининг кўпайиши, шунингдек, долларнинг жаҳон бозорида қадрсизланиши.
Сўнгги бир ойдаги ўзгариш
Инфографика: Миркономика
Сўнгги бир ой натижалари ҳам сўмнинг барқарорлигини кўрсатмоқда. Долларга нисбатан сўм 2,1 фоизга қимматлаб, Халқаро валюта жамғармаси қайд этган 20дан ортиқ валюта ичида 4-ўринни эгаллади.
Солиштириш учун, рубл 3,7 фоизга арзонлашган, тенге эса 0,1 фоиз йўқотган. Йирик валюталардан франк 1,5 фоизга, евро 0,8 фоизга, фунт 0,5 фоизга, иена эса 0,1 фоизга мустаҳкамланди.
Сўм – доллар жуфтлигидаги ўзгариш
Инфографика: Миркономика
Айнан май ойидан бошланган давр алоҳида аҳамиятга эга. Сўм долларга нисбатан 5,7 фоизга қимматлашди. Бу вақтда тенге 6,5 фоизга, рубль эса 3,4 фоизга арзонлашди. Бошқа йирик валюталарнинг ўсиши ҳам сўмникидан паст бўлди. Бу эса миллий валютадаги ўзгаришлар фақат ташқи эмас, балки ички иқтисодий жараёнлар билан ҳам боғлиқ эканини кўрсатмоқда.
Январ–апрел ойларида курс асосан ташқи омиллар таъсирида ўзгарган бўлса, майдан кейин ички омиллар устувор аҳамият касб этди. Шу билан бирга, сўмнинг кунлик «тебраниш» кўрсаткичи ҳам юқори қайд этилди. Сўнгги бир ойда у 0,5 фоизни ташкил этди, бу эса йирик валюталарнинг ўртача 0,4 фоизлик кўрсаткичидан юқори. Тенгеда бу 0,2 фоиз, рублда эса 0,8 фоиз бўлди.
Сентябрдан бери ҳисобланганда, сўм «тебраниш» бўйича рубл, Исроил шекели ва Бразилия реали ортидан тўртинчи ўринда турибди.
Хулоса қилиб айтганда, сўмнинг мустаҳкамланиши қисқа муддатли тенденция эмас. Бу ички иқтисодий жараёнлар таъсирида миллий валюта барқарорлиги янги босқичга ўтганини англатади.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади