Энди озиқ-овқат чиқиндиларидан органик ўғит сифатида фойдаланилади

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 16 сентябрдаги қарорига кўра, 2026–2030 йиллар мамлакатда «Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври» деб эълон қилинди.

Ugit

Қарорга кўра, аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш маданиятини ошириш, озиқ-овқат чиқиндиларини қайта ишлаш корхоналарига йўналтириш, дўконларда муддати ўтган маҳсулотларга чегирмалар жорий этиш каби чора-тадбирлар амалга оширилади. Шунингдек, тўйлар, маърака ва бошқа маросимлар белгиланган тартибда ўтказилиши қатъий назорат қилинади.

Озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш мақсадида «Оқилона истеъмол» (Save Food) дастури тасдиқланди. Унга кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналарида оқова сувлардаги ёғ-мой чиқиндиларини ажратиб оладиган ускуналар мажбурий тарзда ўрнатилиши керак бўлади. Бу чиқиндилардан хўжалик совуни, ҳайвон озуқалари ва бошқа маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

2026 йилдан бошлаб озиқ-овқат чиқиндиларини компостлаш орқали қишлоқ хўжалигида органик ўғит сифатида қўллаш ҳам кенгайтирилади. Шу билан бирга, маҳсулотларни йиғиш, ташиш ва сақлаш жараёнларида йўқотишларни камайтириш мақсадида логистика тизими кучайтирилади.

Шаҳарсозлик қоидалари ҳам янгиланиб, умумий овқатланиш муассасалари учун вентиляция ва ҳаво тозалаш қурилмалари бўйича қатъий талаблар киритилади. Шу тариқа, қарор нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки экологик барқарорлик ва соғлом турмуш тарзи учун ҳам муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.