Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси йил бошидан бери 3615 та савдо ва хизмат кўрсатувчи ташкилотда давлат тилидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши бўйича текширувлар ўтказди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Текширувлар чоғида ишловчилар ёзувлар, эълонлар ва овозли хабарларда давлат тилининг тўғри қўлланилишини ўрганди. 2510 та ҳолатда чет тилидаги сўзлардан фойдаланиш ёки грамматик хатолар қайд этилди. Шундан 1993 таси жойида бартараф этилган. Бироқ 21 та ҳолатда маъмурий жавобгарликка тортиш учун иш очилди.
Қўмита, шунингдек, 2900 дан ортиқ ташкилот ва корхонага расмий огоҳлантириш хатлари юборганини, бозорлар, дорихоналар, умумий овқатланиш ва савдо марказлари ходимлари билан тушунтириш ишлари олиб борилганини маълум қилди.
Аксилмонополия қўмитаси таҳлилига кўра, сўнгги йилларда ташкил этилган компанияларнинг 20 фоизидан зиёди ўз номларида «чет тилидаги ёки ўзбек тили мезонларига мос келмайдиган сўзлар»дан фойдаланмоқда. Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 40 фоиз, Андижон ва Сирдарё вилоятларида 30 фоиз, Наманганда эса 26 фоизни ташкил этган.
Масалан, Бухоро вилоятида 2024 йилда рўйхатдан ўтган 5 мингта компаниядан 300 тасининг номи чет тилидаги сўзларни ўз ичига олган. Бу рақам 2024 йилнинг биринчи чорагида кескин ошган — 1203 фирманинг 245 таси чет тилидаги ном билан қайд этилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан мутасадди идоралар томонидан зарур чора-тадбирлар белгиланиб, давлат тилида ахборот тақдим этилишини таъминлаш бўйича тушунтириш ва профилактик ишлар олиб борилмоқда, дейилади қўмита хабарида.