IT Park резидентларига чет эл дастурлари учун тўловлар енгиллашади

19:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистондаги IT Park резидент-компаниялари ва уларда ишловчи хорижлик мутахассисларга чет эл платформаларидаги обуналар, реклама ва дастурлар учун онлайн тўловни амалга ошириш енгиллашади.

It park

Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябр куни рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қарорни имзолади. Ҳужжатда IT соҳаси компанияларини қўллаб-қувватлашга доир бир қатор механизмлар назарда тутилган.
Жумладан, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб «Рақамли стартаплар» ва Марказий банкнинг «тартибга солиш қумдони»да қатнашувчи лойиҳалар «Рақамли ҳукумат» тизимининг маълумотлар платформасидан бир йил бепул фойдаланиши мумкин бўлади.
Шунингдек, хорижда яшовчи IT Park резидент-компаниялари ходимлари дипломатик ваколатхона орқали ЖШШИР олгач, Ўзбекистон банкларида виртуал карта ва ҳисоб рақамларини масофадан туриб оча олади.

2026 йил 1 январдан резидентлар чет эл дастурлари обуналари ва реклама учун корпоратив карталар орқали йилига 500 минг долларгача тўлов амалга ошириши мумкин бўлади. Реклама фақат 100 млн дан ортиқ фойдаланувчига эга платформада жойлаштирилиши керак. Платформалар рўйхатини Ҳукуматнинг инвестиция комиссияси тасдиқлайди.

Барча тўловлар ва оферталар ташқи савдо E-contract тизимида рўйхатдан ўтказилади. Бироқ 5000 долларгача бўлган тўловлар бундан мустасно ва дебитор қарз сифатида ҳисобланмайди.
Бундан ташқари, ўз дастур маҳсулотлари учун чет элдан обуна тўловлар қабул қилиш E-contract’га киритилмасдан, жамоат офертаси орқали амалга оширилиши мумкин.

Zero Risk дастурида қатнашувчи IT Park компанияларига 12 ойгача ижара харажатларини қоплаш имкони берилади. Бу тўлов давлат мулки ижара ставкасидан икки баробар ортиқ бўлмаслиги керак.