Қирғизистон президенти Садир Жапаров Жалолобод шаҳрини «Манас» деб қайта номлаш ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Жогорку Кенеш мазкур қонунни 2025 йил 10 сентябрда маъқуллаган эди. Президент матбуот хизматига кўра, шаҳар халқ қаҳрамони, қирғиз халқи муҳофази сифатида талқин қилинадиган Манас номи билан аталади. Ҳужжат расмий эълон қилинганидан сўнг ўн кун ўтиб кучга киради.
Жалолобод тарихи XIX аср охирларига бориб тақалади. Мэрия маълумотига кўра, шаҳар 1877 йилда асос солинган. 1909 йилда аҳолиси 1100 кишини ташкил этган бўлиб, уларнинг асосий қисми ўзбеклар эди. 1916 йилга келиб эса аҳоли сони 6 минг кишига етган.
Ҳозирги кунда шаҳар майдони 64,6 км²ни ташкил қилади. У ерда 184 мингдан зиёд аҳоли яшайди ва уларнинг тахминан 30 фоизи ўзбеклардир.
Маълумот учун, бу ўзгариш қирғиз давлатчилигининг маънавий рамзларидан бири бўлган Манас номи орқали миллий бирлик ва ғурурни кучайтириш мақсадида амалга оширилди.
Эслатиб ўтамиз, Жалолобод шаҳар мэри Эрнисбек Ормокеев шаҳарни «Манас» деб қайта номлаш ташаббусини берган эди.