«Жисмонан имконсиз эди» – Мубашшир Аҳмад прокурорнинг баъзи материалларни Диний қўмита рухсатисиз чиқариш ҳақидаги саволига жавоб берди

15:50 | 8 дақиқада ўқилади.

Шу кунларда Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо, «AzonUz» ва «Azon Global» интернет нашрлари асосчиси Алишер Турсунов устидан суд жараёни давом этмоқда.

Mubashshir ahmad

15 сентябр куни бўлиб ўтган учинчи суд мажлисида асосан Алишер Турсуновнинг кўрсатмалари тингланди, шунингдек, у прокурор ва адвокатларнинг саволларига жавоб берди. Vaqt.uz мухбири хабар қилишича, ўша маҳкамада туман прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев Турсуновга диний материалларни Диний қўмита рухсатисиз тарқатгани учун аввал ҳам маъмурий жавобгарликка тортилгани ва шундан кейин ҳам нега бу фаолиятни давом эттиргани юзасидан савол берди.

«Ҳурматли Алишер Турсунов, 2022 йилда ҳам бир нечта материални Диний қўмита рухсатисиз эълон қилган ва жавобгарликка тортилган экансиз. Хўш, нега шундан кейин ҳам бу фаолиятни тўхтатмадингиз?», – дея сўради прокурор.

Турсунов эса прокурор саволига жавоб бераркан, ўзи ва у билан бирга ишлаган журналистларнинг жавобгарликка тортилиш сабаблари ҳамда диний материалларни қўмита рухсатидан ўтказиш жараёнлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

«Тўхтадим. Тўхтатдим ва Туркияга кетдим.

Мен бу соҳадаги 20 йиллик фаолиятим ва ОАВ раҳбари сифатида ҳар доим давлат идоралари билан яқин, самимий алоқани ушлашга интилдим. Зотан, бу энг тўғри йўл ҳам. Чунки ҳар қандай жамиятда ўрнатилган тартиб-қоидалар ишлаши керак. Шу боис мен “Azon.uz” сайтида эълон қилинган ҳар бир материални Диний қўмита текширувидан ўтказганман ёки эътироз билдиришса, уни сайтдан олиб ташлатганман. Аммо бир нарсани тушунинглар: “Azon.uz” янгиликлар сайти эди ва унда кунига 15–20 та, баъзан ундан ҳам кўпроқ хабар ва таҳлилий мақолалар эълон қилинган. Диний қўмитада эса бу хабарларнинг барчасини тезкорлик билан текшириб бериш имконияти йўқ. Тасаввур қилинг, уларнинг ҳар бир хабарни текшириши кунлаб, каттароқ материал бўлса ойлаб вақт олади. Қўмитада эса атиги 20 нафар ходим бор. Ўзбекистонда қанча диний адабиёт ва материаллар чиқади, уларнинг ҳар бирини текширишга 20 кишининг жисмонан имконияти етмайди», – деди Турсунов.

Унга кўра, ўз вақтида «AzonUz» сайти хабарларини текширувдан ўтказиш учун Диний қўмитадан алоҳида ходим ажратилган пайтлар ҳам бўлган, лекин у ҳам улгурмай қолаверган.

«Ходим улгурмагандан кейин хабарлар чиқмай қолаверди. Табиий, сайтимиз тезлиги ва савияси туша берди. Хабарларни уларга кўрсатмай эълон қилганимизда эса сайт ходимлари жавобгарликка тортилди. Ўзим ҳам жавобгарликка тортилдим. Шундан кейин тушундимки, Ўзбекистонда диний йўналишда сайт юритиш деярли имконсиз. Шу боис 2023 йилда ишимни Туркияга кўчиришга мажбур бўлдим. Туркияда эса диний материалларни чиқаришдан аввал қандайдир идорадан текширтириш мажбурияти йўқ. Сиз эълон қилган материал қачонки қонунга зид бўлса ёки салбий оқибат келтириб чиқарса, шундагина жавобгар бўлишингиз мумкин.

«Azon Global» сайтида эълон қилинган материалларимиз эса биз жисман Туркияда бўлганимиз учунгина Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита текширувидан ўтказилмаган. Бунга ҳожат йўқ деб ўйлаганман. Кейин бунинг иложи ҳам йўқ эди: қандай қилиб шунча материални Ўзбекистонга олиб келиб, текширтириб, яна қайтариб юриш мумкин?

Бундан ташқари, мен ўзим Диний идорада ишлаган ва кўп йиллар диний муассасаларда дарс берган инсонман. Шунча йиллик фаолиятим давомида атиги 3–4 та мақолам бўйича савол қўйилган, қолганида эса савол бўлмаган. Такрорлайман, бу – мамлакат қонунларига беписандлик эмас, шунчаки жисмонан имконият бўлмаган.

Менга қўйилган айбловлар бўйича фақат бир модда – 244-3 ни қисман тан оламан ва бунга изоҳим шундай», – деди Алишер Турсунов.

Маълумот учун, Алишер Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айблов қўйилган:

244-3-модда: Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш;
244-1-модда: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш;
156-модда: Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш.

Бугун, 18 сентябрь куни иш доирасида тўртинчи суд мажлиси ўтказилиши ва унда музокараларга киришилиши кутилмоқда.

 

Vaqt.uz’нинг аввалги суд мажлисидан тайёрлаган репортажини қуйидаги ҳавола орқали кўришингиз мумкин.