II Халқаро мерганлар мусобақаси 8–15 сентябр кунлари Гвангжу шаҳрида бўлиб ўтди. Беллашувда Ўзбекистон билан бирга Жанубий Корея, АҚШ, Германия, Руминия, БАА, Таиланд, Ветнам, Қатар ва Мўғулистондан жами 54 та жамоа иштирок этди.
Мусобақа шартлари кундузги ва тунги махсус тактик машқларни ўз ичига олди. Иштирокчилар шаҳар, тоғ ва ўрмон шароитида турли масофадаги нишонларга пистолет, автомат ва мерганлик қуролларидан аниқ ўқ отишда рақобатлашди. Жамоалар маҳорати жисмоний ва руҳий босим остида аниқликка эришиш, ноқулай шароитда ҳаракатланиш, тактик тиббиётдан фойдаланиш каби мезонлар асосида баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра:
Ўзбекистон жамоаси 539,5 балл
Ветнам 534,7 балл;
АҚШ 519 баллни қўлга киритди.
Мудофаа вазирлиги маълумотича, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2024 йилда ўтказилган биринчи халқаро мусобақада иккинчи ўринни олган эди. Шунингдек, шу йилнинг май ойида Туркиянинг Испарта шаҳрида 15 давлат иштирок этган беллашувда ҳам Ўзбекистон жамоаси олтин медалга сазовор бўлган.