Ўзбекистонда болалар камбағаллиги 11,4 фоизга тушди

19:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда сўнгги тўрт йилда болалар камбағаллиги сезиларли даражада қисқарди. UNICEF маълумотларига кўра, 2021 йилда 21,5 фоиз бўлган кўрсаткич 2024 йилда 11,4 фоизгача пасайди. .

Unicef

Наманганда ўтказилаётган халқаро форумда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Регина Кастижио маълум қилишича, сўнгги йилларда жорий этилган ижтимоий нафақалар, болалар учун моддий ёрдам ва пенсиялар камбағалликнинг камайишига асосий омил бўлди. Агар бундай чоралар кўрилмаганида, болалар камбағаллиги даражаси аксинча ошиши мумкинлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, инсон капиталини ривожлантиришда давлат кафолатлаган таълим, тиббий хизмат ва болаларни ҳимоя қилиш тизими муҳим пойдевор сифатида қайд этилди. ЮНИСЕФ бу соҳада кўп тармоқли ёндашув асосида Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Болалар камбағаллигини қисқартириш ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланиши лозимлиги ҳам таъкидланди.

Аввалроқ 2025 йилнинг саккиз ойи давомида 2 872 нафар вояга етмаган шахс турли жиноятлардан жабр кўргани, уларнинг қарийб ярмини 12 ёшгача бўлган болалар ташкил этгани маълум қилинган эди.