Президент матбуот котиби бўлган, китоб ёзган, суиқасдга учраган Комил Алламжонов 41 ёшда

23:20 | 9 дақиқада ўқилади.

Бугун, бизнесмен, собиқ сиёсатчининг фаолият йўлини бир эслаб ўтамиз.

Komil allamjonov

Ўз фаолиятини телевидениядан бошлаб, Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимигача борган Комил Алламжонов бугун, 18 сентябр куни 41 ёшни қарши олди. У 1984 йилда Тошкентда туғилган, Ўзбекистондаги ёш ва жуда кўп муҳокамалар марказида бўлган сиёсатчи ҳисобланади.

Комил Алламжонов 2006 йили Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини, 2010 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2005–2013 йилларда Солиқ қўмитасида ишлаган. У ёш вақтларидан мамлакат сиёсий доирасидаги асосий лавозимларда фаолият кўрсатган.

Илк фаолиятини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси – «Ёшлар» телерадиоканалининг «Давр» информацион кўрсатувида бошлаган. Алламжонов 2005-2013 йиллар оралиғида Давлат солиқ қўмитасининг матбуот хизмати раҳбари лавозимида фаолият юритган. Кейинчалик, яъни 2017 йилнинг 1 декабридан 2018 йилнинг 3 октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси президентининг Администрацияси раҳбари ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот котиби лавозимида ишлаган.

2018 йилда у Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори бўлди ва 2020 йилда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси бўлиб тайинланди. Бу унинг ҳаётидаги яна бир муҳим босқич бўлди. Ўшанда мамлакат президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Алламжоновнинг ўринбосари бўлганди. Қайд этиш керак, айни ўша вақтда улар жуда кўп яхши ишларни амалга ошира олди. Сўз эркинлиги нисбатан яхшиланди, «Заковат» ўйинларни қайта, аввалгилардан-да яхшироқ тарзда жонланди, китобхонлик маданияти шаклларнишида ҳам ҳисса қўшди.

Ўшанда Комил Алламжоновнинг «Алламжонов айбдор» китоби нашрдан чиқди. Китобда ҳамма нарса ҳақида очиқчасига ёзилган. Кўпгина хотиралар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва президент девони матбуот хизматларидаги ишга бағишланган.

«Мен бу китобда ҳали унча узун бўлмаган умр йўлимнигина эмас, қарашларимни ҳам акс эттиришга ҳаракат қилдим. Ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлиб, ўзига ишончини йўқотиш катта хато эканини ва у қимматга тушишини айтмоқчи бўлдим. Китоб бугун ўз йўли, ўз ўрнини топишга интилаётган ёшларга атаб ёзилди. Бу дунёда ҳамма нарса сотилади, таниш-билишсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, деган сафсаталарни йўққа чиқаришга уриндим. Ушбу китоб ўзига ишончи етишмаётганларга туртки-мотиватор, олдига улкан мақсад ва ғояларни қўйганларга далда, билим олишга шароитим йўқ, дейдиганларга мустақил ўқиш учун қўлланма», — деган унинг ўзи.

2022 йил июлда Алламжонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимига тайинланди. 2023 йил август ойида эса у Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимига тайинланди ва 2024 йил сентябргача шу лавозимда қолди.

2024 йилнинг кеч кузида медиа ва сиёсат оламида ном қозонган Алламжонов муҳокамалар марказида қолди. 2024 йилнинг 26 октябрида Комил Алламжоновга нисбатан суиқасд уюштирилди. Воқеа кечқурун, Қибрай туманида содир бўлиб, унда Алламжоновнинг машинасига ўқ узилди. Ўша куни унга зарар етмади, аммо бу воқеа Ўзбекистон сиёсат оламида шов-шувларга сабаб бўлди. Чунки бу ўзбек сиёсат оламида тез-тез такрорланадиган ҳолат эмас эди.

Сал аввал лавозимидан озод этилган ва фаолиятини хусусий секторда давом эттиришини маълум қилган Алламжоновнинг ҳаётига суиқасд кимга керак, деган саволлар урчиди. Бунга қадар ўз фаолиятида ҳар доим жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан очиқ ишлаган, аҳолининг масалаларига эътибор қаратиб келган шахс бўлган.

Суиқасдга оид жиноят иши бўйича 2025 йил февралда суд хукми эълон қилинди. Судда 10 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланди. 2025 йилнинг 12 февраль кунида эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Президент хавфсизлик хизмати собиқ ходими Шуҳрат Расуловга 23 йил, Жавлон Юнусовга 18 йил 6 ой, собиқ ИИБ ходими Дониёр Тошхўжаевга 7 йил, Шоҳрух Аҳмедовга 23 йил, Исмоил Жаҳонгировга 23 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Қолган 5 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари берилган. Уларнинг шахси эса очиқланмаган. Мазкур воқеаларга нисбатан Комил Алламжонов «Ҳақиқат икки букилса ҳам синмагай» дея муносабат билдирди.

Айни вақтда у фаолиятини ўзи айтгандек хусусий секторда давом эттирмоқда. Яқин кунларда Саида Мирзиёева ёнида бир неча бор кўриниш берган бўлса-да у Администрацияга қайтган-қайтмагани, айнан қайси лавозимда экани айтилмаган.